Автомобиль олиб қочганликда гумонланувчи шахс қўлга олинди
18 май куни таҳминан 17.00 да ички ишлар органларига 39 ёшли Тохир М. дан хабар келиб тушди. Унга кўра, номаълум шахс Чилонзор тумани Фурқат кўчасидаги Муқимий театри яқинида қолдирилган Тохир М.га тегишли бўлган “Нексия-2” русумли автомобилни олиб қочган. Машина калити автомобиль ичида қолдирилган бўлган.
Кўрилган чоралар натижасида бир соат ўтмасдан ЙПХ ва ППХ ходимлари қидирилаётган машинани ва уни олиб қочганликда гумонланувчи шахсни Чилонзор туманидаги Новза масжиди ёнидан топишди. Автомобиль тўхтатилди, гумонланувчи – 21 ёшли муқаддам судланган Хусниддин Зоиров эса қўлга олинди. Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (“Транспорт воситасини олиб қочиш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Автомобилингизнинг калитини ўт олдиргичда қолдирманг. Имкон қадар машинангизни қўриқланадиган автотураргоҳда қолдиринг.
