Латвия собиқ ички ишлар вазири Россия жосуси сифатида 8,5 йилга қамалди
Хабарда айтилишича, Адамсонс ҳам, Силонов ҳам судда ўзларини айбдор сифатида тан олган. Бироқ улар суд ҳукми устидан юқори инстанцияга шикоят аризаси киритмоқчи.
Суд ҳукмида айтилишича, Адамсонс “мақсадли равишда махфий маълумотларни тўплаган” ва Силонов орқали Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) га етказиб турган.
У Россияга жўнатган сирлар орасида “Латвия давлат идоралари, ҳуқуқ-тартибот органлари, давлат ҳавфсизлиги органлари, давлат мудофаа тизими” тўғрисидаги маълумотлар бор.
Адамсонс товламачилик ва ўқотар қуролни ноқонуний равишда сақлаганликда ҳам айбланган.
Адамсонс 2021 йилнинг ёзида қўлга олинган эди. Декабрь ойида Латвия парламенти Бош прокуратурага унга нисбатан жиноят иши қўзғатишга рухсат берган ва депутатни дахлсизлик мақомидан ажратган эди.
Совет даврида Адамсонс Сахалинда Ҳарбий денгиз флоти штаби бошлиғининг разведка бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. 1992 йилда Латвияга қайтган Адамсонс Ҳарбий денгиз кучлари қўмондони ўринбосари, чегара хизмати бошлиғи, ички ишлар вазири бўлган.
