Қозоғистонда ҳар 10 йилда ҳайдовчилик аттестацияси жорий этилиши мумкин
0
Сенатор Бош вазир Олжас Бектенов номига йўллаган сўровида ҳайдовчиларни ўқитиш ва назорат қилиш тизимини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Унга кўра, ҳайдовчилар 10 йилда бир марта аттестациядан ўтишлари шарт бўлади.
Кожаевнинг асосий таклифлари:
Авто мактаблар устидан давлат назоратини кучайтириш.
Янги ҳайдовчилар учун синов муддатини жорий қилиш.
Ҳайдовчилик гувоҳномаси олинганидан 6 ой ўтиб малака ошириш курсларини ўтиш мажбурияти.
ЙҲҚ билимлари ва амалиёт машғулотларини ҳар 10 йилда текшириш.
Ҳайдовчилик гувоҳномаларини бериш жараёнини ИИВ назоратига ўтказиш.
Барча йирик шаҳар ва туман марказларида махсус ЙҲҚ марказлари ва автодромлар ташкил этиш.
Шунингдек, сенатор йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича таклифлар берди. Улар қаторида кўп даражали пиёдалар ўтиш жойларини қуриш, ёритиш тизимини яхшилаш, тротуарлар барпо этиш ва йирик шаҳарларнинг четлаб ўтувчи йўлларини тезроқ яратиш каби чоралар мавжуд.
