АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида тарихий битимлар: 600 миллиард долларлик келишув тузилди
0
Икки мамлакат ўртасидаги келишувларнинг умумий қиймати 600 миллиард доллардан ошиқ бўлиб, бу миқдор икки давлатнинг ҳамкорлик тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Битимларнинг асосий мақсади икки томонлама стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ривожланиш суръатларини ошириш ва узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдир.
Таъкидланишича, Саудия Арабистонининг йирик технологик компанияси DataVolt АҚШ ҳудудидаги дата-марказлар ҳамда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 20 миллиард долларга яқин инвестиция киритади. Бу билан мамлакатлар ўртасидаги технологик ҳамкорлик янги босқичга кўтарилади.
Ўз навбатида, АҚШнинг GE Vernova корпорацияси Саудия Арабистони учун умумий қиймати 14,2 миллиард доллар бўлган газ турбиналари ва бошқа замонавий энергетика жиҳозларини етказиб бериш мажбуриятини олди. Бу Саудия Арабистонининг энергетика соҳасини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва мамлакат иқтисодиётини янада мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Оқ уйнинг маълум қилишича, ушбу келишувлар АҚШ ва Саудия ўртасидаги стратегик муносабатларни янада мустаҳкамлайди ҳамда минтақада барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшади.
Шунингдек, маълум бўлишича, Доналд Трамп Форс кўрфазидаги мамлакатлар билан ҳам умумий қиймати 1 триллион долларга яқин бўлган янги битимлар тузишни режалаштирмоқда. АҚШ президентининг минтақадаги сафари давом этади: 14 май куни Қатарга, 15 май куни эса Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюриши режалаштирилган.
Бу сафар Трампнинг иккинчи президентлик муддатидаги биринчи катта халқаро ташрифи бўлиб, у АҚШнинг Форс кўрфази давлатлари билан иқтисодий ва стратегик ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган.
