Эрон термаси жамоаси CAFA турнирида легионерларсиз майдонга тушадими?
0
Мортазавианнинг таъкидлашича, Амир Галенои бошчилигидаги Эрон термаси мазкур мусобақада ўз легионерларисиз иштирок этади. Бу қарорнинг асосий сабаби — CAFA Nations Cup 2025 ФИФА расмий календаридан ташқари ўтказилаётганидир. Яъни, клублар легионер футболчиларини терма жамоаларга жўнатиш мажбуриятига эга эмас.
Айни пайтда Эрон термасида ўйнаётган кўплаб юқори савиядаги футболчилар чет элдаги клубларда фаолият олиб бормоқда. Улар орасида: Меҳди Тареми ("Интер"), Сардор Азмун ва Сайид Иззатуллоҳи ("Шабаб Ал Аҳли"), Муҳаммад Горбани ("Ал Ваҳда"), Саман Ғоддос, Меҳди Гайеди, Шаҳриёр Могонлоу ("Иттиҳод Кальба"), Содиқ Муҳаррами ("Динамо", Загреб), Алиризо Жаҳонбахш ("Херенвен"), Али Голизода ("Лех Познан"), Саид Саҳаркизан ("Оренбург") ва бошқалар бор.
Ушбу футболчиларнинг турнирда иштирок этмаслиги нафақат терма жамоа салоҳиятига, балки умумий мусобақа даражасига ҳам таъсир ўтказиши мумкин. Эрон термаси сўнгги йилларда минтақавий ва жаҳон миқёсида юқори савиядаги жамоа сифатида эътироф этиб келинган. Бироқ асосий таркибдан бир қанча етакчи ўйинчиларнинг йўқлиги бу позицияни мураккаблаштириши аниқ.
Бундан ташқари, Малайзия терма жамоаси ҳам ФИФА кунларидан ташқарида турнир ташкил этилганини сабаб қилиб кўрсатиб, CAFA Nations Cup 2025 мусобақасида иштирок этмаслигини маълум қилди.
Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоасининг ҳам бир неча легионер футболчилари 1-турдаги Ўмонга қарши ўйинга келиб улгурмаслиги эҳтимоли бор. Турнир бошидаёқ бундай муаммолар юзага келиши, албатта, спорт муҳитида нотинчлик уйғотади.
CAFA каби минтақавий мусобақаларда миллий терма жамоаларнинг тўлиқ таркибда қатнашиши мухлислар учун жуда муҳим. Чунки бу нафақат рақобат даражасини белгилайди, балки мусобақа нуфузини ҳам оширади.
Шу боис, келгусида бундай мусобақаларни халқаро тақвимга мос равишда ташкил этиш зарурати яна бир бор намоён бўлмоқда. Aкс ҳолда, минтақадаги футбол ривожи ва мухлисларнинг қизиқишига салбий таъсир етиши мумкин.
