Поль Погба: "Усмон Дембеле бу йил Олтин тўпни қўлга киритиши керак!"
0
Погбадан “Олтин тўп” учун курашдаги асосий номзодлар ҳақида сўралганда, у ПСЖдан Дембеле, Ашраф Ҳакими ва Витиньяни, “Реал”дан Килиан Мбаппе ҳамда “Барселона”дан ёш истеъдод Ламин Ямални санаб ўтди. Бироқ, у Дембеленинг бу йилги натижалари, муваффақиятлари ва катта финаллардаги ўйинларини алоҳида таъкидлади: “Усмон бу йил Чемпионлар Лигасини қўлга киритди, жамоа учун ҳал қилувчи голлар урди, энг муҳим пайтларда ўз сўзини айта олди. Бундай мавсумдан кейин у шубҳасиз, бошқа номзодлардан бир қадам олдинда турибди”, — дея қайд этди Погба.
“Агар Усмон Дембеле бу йил "Олтин тўп"га эга чиқмаса, кейинги йилларда унга бу мукофотни қўлга киритиш жуда қийин бўлади. Бу унинг йили!” — дейди Погба.
Унинг фикрича, Дамбеле ўзининг юқори даражадаги техник маҳорати, тўп билан фаол ҳаракати ва жамоавий ўйиндаги фидоийлиги билан кўпчиликни ҳайратда қолдирди. Жамоадошлар ҳам айнан унга суянди ва муҳим финалларда натижани Усмон ҳал қилди.
Экспертлар ва мухлислар орасида ҳам Погбанинг бу фикри тезда муҳокама мавзуси бўлиб улгурди. Олдинги йилларда жуда кўп номзодлар орасида “Олтин тўп” мукофоти доим курашга бой бўлган бўлса, бу гал Дембеленинг устунлиги ва натижалари жамоатчиликда катта таъсир уйғотмоқда.
Энди эса барча назарлар Олтин тўп маросимида: ҳақиқатан ҳам Усмон Дембеле бу йилги энг асосий мукофотга эга чиқадими ёки бошқа сюрпризлар кутиляптими? Бу саволнинг жавобини вақт кўрсатади. Аммо айни пайтда Погба ва миллионлаб мухлислар Олтин тўп Дембелега топширилишига ишонч билдирмоқда.
