"Энг меҳрибон судя” номи билан танилган Франк Каприо вафот этди
0
АҚШда машҳур “Американинг энг меҳрибон судяси” сифатида танилган судя Френк Каприо 88 ёшида ошқозон ости бези саратони билан курашиб вафот этди.
Каприо деярли 40 йил давомида судя сифатида фаолият юритди. У оддий суд жараёнларини инсонпарварлик ва ҳазил аралаш қарорлари билан машҳур қилди.
У бошқарган “Caught in Providence” номли кўрсатув бутун дунё бўйлаб машҳурликка эришди. Дастур миллиардлаб томоша қилиниб, YouTube'да 3 миллионга яқин обуначи йиғди.
Каприонинг майда ҳуқуқбузарликларни кечириш, жарималарни юмшоқ оҳангда изоҳлаш ва одамлар билан самимий муомала қилиши адолатнинг фақат қонун эмас, балки меҳр-муҳаббат орқали ҳам қарор топишини эслатиб турарди. У ҳатто ҳаётининг сўнгги кунларида ҳам касалхонадан туриб мухлисларидан дуолар сўради.
Род-Айленд штати губернатори уни “ҳақиқий миллий бойлик” деб атади. Штат бўйлаб байроқлар ярим устунда ҳилпиратилиб, судянинг хотираси шарафланмоқда. Френк Каприо инсонийлик, камтарлик ва хизмат тимсоли сифатида ёдда қолади.
