"Реал Мадрид" мураббийи Эндрик ўйинини изоҳлади
Ноябр ойи бошланмоқда, аммо "Реал Мадрид" ҳужумчиси Эндрик ҳали ҳам 2025/2026 йилги мавсумда бирор марта ҳам майдонга тушгани йўқ. Мадрид клуби бош мураббийи Хаби Алонсо ушбу вазиятга изоҳ берди.
"Мен Эндрик майдонга тушиб, ўйин амалиёти олишини хоҳлаган бўлардим. Аммо ҳозирги ўйинлар жуда нозик ўтмоқда ва бу имкониятни чеклаб қўймоқда.
Умид қиламанки, у ўз вақтини олади, чунки у машғулотларда яхши ишлаяпти ва яхши тайёрланган. Фақат тўғри вақтни кутишимиз керак", - дея таъкидлади Алонсо матбуот анжуманида.
Аввалроқ қишки трансфер ойнаси давомида Эндрик ижарага бошқа жамоага ўтиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди.
