Ламин Ямал YouTube’да рекорд қўйди: миллион обуначи икки кунда...
«Барселона»нинг ёш ва иқтидорли вингери Ламин Ямал майдондаги ўйини билан эмас, балки рақамли платформаларда ҳам мухлисларни ҳайратга солишда давом этмоқда. Футболчи очган YouTube канали жами икки кун ичида 1 миллиондан ортиқ обуначи йиғиб, ҳақиқий сенсацияга айланди.
Айни пайтда "Барселона" футболчисининг каналида 1,05 миллион нафардан зиёд фойдаланувчи обуна бўлган. Қизиқ жиҳати шундаки, каналга ҳозирча атиги битта видео жойланган. Унда Ламин Ямал ўз уйи бўйлаб кичик экскурсия ўтказиб, шахсий ҳаётидан пардаларни очган.
Мазкур видео қисқа вақт ичида катта қизиқиш уйғотди: икки сутка мобайнида ролик 5,7 миллион марта томоша қилинди. Бу кўрсаткичлар ёш футболчининг нафақат майдонда, балки интернет маконида ҳам улкан аудиторияга эга эканини яққол кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтиш жоиз, YouTube қоидаларига кўра, 1 миллион обуначига етган канал муаллифларига махсус «Олтин кнопка» мукофоти тақдим этилади. Демак, Ламин Ямал яқин орада нафақат футболда, балки блогерлик соҳасида ҳам илк катта ютуғини қўлга киритиши кутилмоқда.
Мухлислар эса энди янги видеоларни, саҳна ортидаги лавҳаларни ва ёш юлдузнинг ҳаётига оид янада қизиқ контентни сабрсизлик билан кутмоқда.
