Ўзбекистон ва Саудия ҳамкорлиги: хавфсизлик ҳамда сафарлар муҳокамада
2025 йил 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Олим Абдуллаев бошчилигидаги делегация Саудия Арабистони подшоҳлиги ички ишлар вазири ўринбосари Холид бин Муҳаммад Ал-Баттал билан расмий учрашув ўтказди. Мулоқот икки томонлама муносабатларни янада чуқурлаштиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Учрашув давомида икки давлат раҳбарларининг қатъий ва изчил сиёсий иродаси туфайли Ўзбекистон–Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари барқарор ривожланиб, янги босқичга кўтарилаётгани алоҳида таъкидланди. Олий ва юқори даражадаги ўзаро ташрифлар сони ортиб бораётгани эса бу ҳамкорликнинг амалдаги ифодаси сифатида қайд этилди.
Саудия томони Ўзбекистондан подшоҳликка ташриф буюраётган фуқаролар билан боғлиқ муаммолар сони жуда кам эканини алоҳида урғулаб, ўзбек халқига нисбатан юксак ҳурмат ва илиқ муносабатини билдирди. Бу эса икки халқ ўртасидаги ишонч ва ўзаро англашув даражаси ошиб бораётганидан далолат беради.
Музокараларда Ҳаж ва Умра мавсумларида Ўзбекистон фуқароларининг Саудия Арабистонига ташрифини ташкил этиш, шунингдек, виза олиш жараёнларини амалдаги қонунчилик доирасида янада қулай ва шаффоф қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар бу йўналишда ҳамкорликни кучайтириш муҳим эканини таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда икки давлат ички ишлар вазирликлари ўртасида фаолият юритаётган қўшма комиссия ишини янада ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалий чора-тадбирларни биргаликда ҳаётга татбиқ этиш бўйича ўзаро келишувга эришилди.
Мазкур мулоқот Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаб, амалий ҳамкорлик учун янги имкониятлар очиши кутилмоқда.
