Тожикистонда қор қоплонини овлайдиганлар учун жазо кучайтирилди
Тожикистонда қор қоплонини овлаш ва у билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар учун жавобгарлик янада қатъийлаштирилди. Мамлакат парламенти Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритди. Бу ҳақда парламентнинг расмий нашри — Садои мардум хабар берди.
Янги таҳрирга кўра, 232-1-модда эндиликда “Қор барсини овлаш, қасддан йўқ қилиш, шунингдек, уни ноқонуний олиш, сақлаш, топшириш ёки сотиш” деб номланади. Илгари мазкур модда фақат ов қилиш ва қасддан нобуд этиш ҳолатларини қамраб олган эди.
Энди бу каби қоидабузарликлар учун 1200–1800 ҳисоб кўрсаткичи (117–175 млн сўм) миқдорида жарима ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси қўлланади. Аввал жарима 800–1200 ҳисоб кўрсаткичи (78–117 млн сўм) билан чекланган эди.
Агар жиноят такроран содир этилса, жазо янада оғирлашади: 2000–3000 ҳисоб кўрсаткичигача (195–292 млн сўм) жарима ёки 4 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Шунингдек, айбдорлар 5 йилгача муайян лавозим ёки фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин.
Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 236-моддасига ҳам ўзгартириш киритилиб, алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудларга жуда катта зарар етказилган ҳолларда жарима 500 ҳисоб кўрсаткичигача (48,7 млн сўм) оширилди.
