Эрон қурол савдосида криптовалютага ўтишни таклиф этди
Эрон Ғарб томонидан жорий этилган молиявий чекловларни айланиб ўтиш мақсадида хорижий давлатларга илғор ҳарбий техника ва қурол-яроғни криптовалюта эвазига сотиш ташаббусини илгари сурмоқда.
The Financial Times нашри хабар беришича, гап баллистик ракеталар, учувчисиз учиш аппаратлари ва ҳарбий кемалар каби стратегик аҳамиятга эга қурол тизимлари ҳақида бормоқда.
Маълум қилинишича, Эрон Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Mindex экспорт операциялари маркази рақамли активлар орқали тўловларни қабул қилиш, шунингдек, бартер келишувлари ва миллий валюта — риалда ҳисоб-китоб қилиш имкониятларини муҳокама этишга тайёр.
Нашр таҳлилларига кўра, бу таклиф давлат томонидан ҳарбий экспорт учун криптовалютани расман қабул қилишга қаратилган илк очиқ қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Mindex ўзини Эроннинг ташқи мудофаа савдоси учун масъул ташкилот сифатида кўрсатиб, 35 давлат билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган. Каталогда Emad баллистик ракеталари, Shahed дронлари, «Шаҳед Солеимани» синфидаги ҳарбий кемалар ҳамда қисқа масофали ҳаво мудофаа тизимлари мавжуд.
