Бастони Хёйлунн билан ўйин жуда оғир бўлганини айтди
«Интер»нинг марказий ҳимоячиси Алессандро Бастони «Наполи» ҳужумчиси Расмус Хёйлунн билан кечган тўқнашув ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Якшанба куни бўлиб ўтган учрашув 2:2 ҳисобидаги дуранг билан якунланди. Даниялик футболчи гол ёки ассист қайд этмаган бўлса-да, «нерадзуррилар» мудофаасидаги етакчи Бастони унинг ўйинини юқори баҳолади.
«Хёйлуннга қарши ўйнаш жуда қийин бўлди, у ниҳоятда кучли футболчи. Уни «Аталанта»да бунчалик зўр ўйнаганини эслай олмайман, аммо бу мени ажаблантирмади. Биз жуда яхши жамоага қарши майдонга тушаётганимизни билардик — таркибида сифатли футболчилар кўп», — дея Бастонининг сўзларини «Интер» матбуот хизмати орқали «Газета.Ru» келтирди.
Кристиан Киву бошчилигидаги жамоа учрашув давомида икки бор ҳисобда олдинга чиқди, бироқ устунликни ушлаб қола олмади. Мезбонлар сафида Федерико Димарко ва Ҳакан Чалҳаноғлу гол урди, меҳмонлар номидан эса Скотт Мактоминай дубл қайд этди.
