Луис Энрике Сафоновни жуда юқори савияли дарвозабон деб атади
ПСЖ бош мураббийи Луис Энрике жамоа посбони Матвей Сафонов ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Мутахассис Сафоновни юқори даражадаги дарвозабон, миллий терма жамоа футболчиси сифатида таърифлади. Энрикенинг айтишича, мураббийлар штабига Сафоновнинг оёқда ҳам ишончли ўйнаши, жисмонан бақувватлиги ва дадиллиги ёқади. Мураббий уни клуб фалсафаси ва ўйин қарашларига жуда мос келишини таъкидлади.
Шунингдек, Луис Энрике Сафонов асосий таркибда майдонга тушганида ҳам, захирада қолган пайтларида ҳам доим юқори савия кўрсатишга қодир эканини қайд этди. Мураббий қўл остида уч нафар кучли дарвозабон борлигидан мамнунлигини ҳам яширмади.
Жорий мавсумда 27 ёшли Сафонов Франция чемпионатида 6 та учрашувда иштирок этиб, 6 та гол ўтказиб юборди ва 3 баҳсда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Европа Чемпионлар лигасида эса у 4 ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол ўтказди, 1 учрашувда эса “нол”га ўйнади.
