Гальярдо кўз ёш билан видолашди: Риверда ҳеч ким абадий кетмайди
Буэнос-Айресда Марсело Гальярдо мураббий сифатидаги сўнгги учрашувини ўтказди. Банфилдга қарши баҳсда Ривер Плейт 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, кетма-кет учта мағлубиятдан иборат омадсиз сериясига барҳам берди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Айнан шу муваффақиятсиз серия Гальярдонинг лавозими билан хайрлашувига сабаб бўлди, бироқ клуб унга чиройли тарзда кетиш имконини берди. Гальярдо эса бу лаҳзани ҳиссиётларга бой, унутилмас кўринишда якунлади.
Ўйиндан кейин кўз ёшларини яширмаган мутахассис мухлисларга мурожаат қилди: «Ҳаммага шунчаки раҳмат. Сизнинг меҳрингизни сўз билан ифодалаш қийин. Мен бутунлай кетмаяпман. Ривер Плейтни ҳеч ким абадий тарк этмайди. Бу сеҳрли маскан: кетсанг ҳам, барибир клуб билан қоласан», деди у.
Эслатиб ўтамиз, Марсело Гальярдо 90-йилларда Ривер Плейт сафида ҳам, Аргентина терма жамоасида ҳам тўп сурган.
