Россия ва Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарлари 2018-2019 йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги Ҳамкорлик дастурини имзолашди
Ўзбекистон ва Россия Ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Комилов ва Сергей Лавровларнинг учрашуви бўлиб ўтди. Бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон-Россия кун тартибидаги асосий масалалар ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, 2017 йили икки мамлакат ўртасида фаол мулоқот кузатилди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4-5 апрель кунлари Россияга бўлган давлат ташрифи ва Президент Владимир Путин билан музокоралар олиб боргани муҳим воқеа бўлди.
Вазирлар олий ва бошқа даражалардаги икки томонлама келишувларни тадбиқ этиш бўйича амалий қадамларга алоҳида эътибор қаратдилар.
Суҳбатда минтақавий хавфсизликка, жумладан Афғонистондаги вазиятга жиддий эътибор қаратилди. Шу нуқтайи назардан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шерикчилик” номли халқаро конференция муҳим рол ўйнаши лозимлиги қайд этилди.
Учрашувда Россия томони Тошкент конференциясининг муваффақиятли ўтишидан манфаатдор эканлигини ва унда юқори даражада иштирок этишини тасдиқлади.
Музокаралар якунида вазирлар томонидан 2018-2019 йилларга мўлжалланган ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги Ҳамкорлик дастури имзоланди.
Шунингдек, Абдулазиз Камилов ва Сергей Лавров ОАВ вакиллари учун қисқа чиқиш қилдилар ва журналистларнинг саволларига жавоб бердилар.
"Ўзбекистонда яқин фурсат ичида "Москва пўлат ва қотишмалар" миллий тадқиқот технология университети, Бауман номидаги Москва давлат техника университети, Сеченов номидаги Биринчи Москва давлат тиббиёт университети, Москва архитектура университети, Россия технология университети филиалларининг очилиши режалаштирилгани ушбу йўналишдаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади", — деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.
Камиловнинг билдиришича, бундан ташқари, Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкентдаги филиали кенгайиши кўзда тутилмоқда, бу ерда амалий математика ва информатика, психология мутахассисликлари бўйича магистратура йўналишлари жорий этилади.
Аввалроқ Ўзбекистон Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги вакиллари Москва пўлат ва қотишмалар институти филиали 2018 йилда дастлабки талабаларни қабул қилишини билдирганди. У Олмалиқдаги лицейлардан бири негизида фаолият олиб боради.
Москва давлат университети филиалида магистрлик дастурига янги йўналишлар очилишига келсак, бу масала ўтган йилнинг бошида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон–Россия ҳукуматлараро комиссиясининг мажлисида, шунингдек Шавкат Мирзиёевнинг Москвага ташрифи давомида батафсил муҳокама қилинган эди.