БИЛАСИЗМИ…
ФОЛБИН ОВИ… (ёхуд шайтон малайлари шайтон таъқиби остида)
Қадимда фолбин, жодугар, афсунгарларни католик черковлари руҳонийлари ҳазм қила олмасди. Айнан улар фолбинларга қарши кураш компаниясини бошлаб берган. Бу операциялар 15-асрнинг иккинчи ярмида бошланди. Европанинг ўзида қисқа вақт ичида фолбинликда айбланиб қатл этилганлар сони 100 минг кишига етган. Маҳаллий амалдорларга кимнидир фолбинликда, афсунгарликда айблаш сира қийинчилик туғдирмасди. Масалан, сочи малла ёки қизғиш бўлса, ёки индамас, камгап бўлса, демак, бу одам фолбин, жодугар ҳисобланарди. Гумон қилинган шахснинг шайтонга алоқадор ёки алоқадор эмаслигини аниқлаш учун унинг бўйнига оғир тошни бойлаб сувга чўктиришарди. Агар шу тош билан чўкиб кетмай, сув юзига чиқа олса, демак, у шайтон малайи деб ҳисобланган. Чўкиб кетса, «адашибмиз, бегуноҳ одам ўлиб кетди», дейишарди-ю, қўл силтаб қўя қолишарди.
Масалан, Жанна д’Арк ҳам фолбинлик, афсунгарлик, жодугарликда айбланиб тириклай ёқилган.
Ҳозир ҳам Африка мамлакатларида фолбинларга қарши кураш тўхтагани йўқ. Мисол учун 2008 йили Кенияда оломон жами 11 кишини жодугарликда айблаб тириклай ёқиб ташлади. 2009 йил мартида эса Гамбия махсус хизмати вакиллари 1000 кишини ўғирлаб кетган. Улар ҳам шайтон малайлари сифатида айбдор деб топилиб хуфиёна тарзда ўлдириб юборилган.
Ҳиндистонда фолбинликка қарши курашдан кимнингдир ерини, уйини, пулини тортиб олмоқчи бўлганлар унумли фойдаланади. 1995-2009 йиллар оралиғида бу давлатда шундай айблов билан жами 2500 киши ўлдирилган.
Саудия Арабистонида ҳам фолбин, жодугар, афсунгарлик жиноят ҳисобланади.
Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади