Добавить новость
103news.com
World News in Uzbek
Апрель
2019

МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (2-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

— Ҳимм, нима демоқчийдинг? — сўради раис.

— Ўзи… ўзи айтарли гап эмас. Лекин…

— Туғолмаган товуққа ўхшаб қақилламасдан, шарт-шурт гапир! — деди раис пўписа аралаш.

— Шу… ўғил… Бу йил икки болали бўлди. Кичкинаси ҳам «Уйланаман», деб юрибди. Битта уйда сиқилиброқ қолдик-да, шунга уй-жой бўлса, дегандим…

— Вой, хумпар, вой, тулки!.. — дея ҳиринглаб кулди Толмас Бадриддинович. — Жа узоқдан, бечоралардай бошлайсан-а, санъатингга қойилман! Сен товуқ ферма мудири бўлмаслигинг керак эди. Сенга артистлик кўпроқ ярашади!..

— Энди, раис бова, ўзингиз биласиз…

Унинг гапи яна оғзида қолди:

— Ҳа, тўппа-тўғри айтасан! Биламан, уйингнинг орқасида ярим гектар томорқанг борлигини, ўтган йили улинг битта болали бўлганда, қишлоғинг адоғидан, тутпоядан 20 сотих уй-жой олганингни биламан! Сенга қолса, кичкинангнинг белидаги бола учун ҳам оласан! Лекин шундаям тўймайсан!

Баҳромқул ака ўтирган жойига михланди-қолди. Агар раис уришишини давом этганида, йиғлаб юбориши ҳам ҳеч гап эмасди.

— Еганимниям бир пул қилдинг! — деди Толмас Бадриддинович ва ўрнидан турди-ю, кетди.

Машинага минаётиб, сўкди. Бу пайтда Баҳромқул аканинг тилига пиён битган эди.

— Хомсемиз, ўзинг бутун колхозни еб ётибсан, биров бир нима деяётгани йўқ-ку! Икки одим еримни гапиргунча!.. — деди у ва пиёлага тўлдириб ароқ қуйди.

Раиснинг «Виллис»и чанг-тўзон кўтариб, жўнаб кетиши билан ароқни симирди.

— Одамларга ҳайронсан-а, — дея ёзғирди Толмас ака, чўнтагидан сигарет чиқариб, одати бўйича ўрамини юлиб, деразадан улоқтираркан, — қанча берсанг, шунча кам, дейди. Олди-орқасига қарамайди. Ит!.. Яна колхозникини едириб, оғзимни мойламоқчи. Уйингга борганимда, ҳеч қачон иккита хўроз сўймасдинг!

Элёр Толмас акага қараб, илжайиб қўйди.

— Мана шунақалардан эҳтиёт бўлмасанг, кун келиб, тириклайин гўрга тиқишади!..

Шошма, қаёққа ҳайдаяпсан?!.

— Ҳайда, дедингиз, ҳайдаяпман, — жавоб берди Элёр.

— Бир оғиз «Қаерга?» деб сўрамайсанми?

— Кайфиятингиз ёмон эди — қўрқдим.

Толмас Бадриддинович ич-ичидан мамнун бўлди. Бироқ сиртига чиқармади.

— Райкомга ҳайда, тезроқ! — дея тутунни ўпкаси тўлгунча ютди.

 

* * *

 

Маъруф уйга келганида, қоқ туш бўлганди. Ҳаво ниҳоятда исиб кетганидан унинг келгунча тинкаси қуриганди. Шу боис энаси пашшаларни сочиқ билан ташқарига қувиб, деразаларига мато ёпиб, қоп-қоронғи қилиб қўйган салқин уйга кириб, бироз мизғиб олмоқчи эди. Аммо узум сўриси остидаги чорпоянинг устида қўлтиғига ёстиқ қистириб, кафтини чаккасига тираб, кўзини хиёл юмиб ётган отаси тўхтатди:

— Учрашдингми? — деди паст овозда.

— Ҳа-а, — жавоб берди Маъруф.

— Кейин-чи…

— Иш берди.

— Осонгинами?..

— Ҳа-а…

— Ҳайбатулло билан ишлайсанми?

— Йўқ!

— Ким билан?

— Жўрангизга ёрдамчи бўлдим.

— Баҳромгами?! — деди Норқул бирдан бошини кўтариб.

— Ҳа, жўрангиз «Кечқурун уйларингга бораман. Тайёргарлик кўриб қўйсин», деди, — дея Маъруф уйга кириб кетди.

Кўрпача ёзди. Ёстиқ қўйиб ўтирмасдан, бирдан чўзилди. Аста-секин қизиган танаси совиди, кўзини уйқу элитди.

Отаси икки соатдан зиёд ухлатмасди. Шу сафар индамади. Маъруф кечга яқин уйғонди. Ташқарига чиқди-ю, кўзи бирдан отасига тушди. У эртапишар олманинг шохига эндигина бир ёшга кириб-кирмаган қора қўчқорни оёғидан илиб, терисини шилмоқда эди. Маъруфнинг бирдан кайфияти бузилди. Шоша-пиша юзини ювди-да, супадан пастга тушди.

Экинзор. Помидор, бодринг, пиёз, шолғом, картошка яна алламбалолар экилган. Помидор тўсини ичидан юриб, тўғри отасининг ёнига борди.

— Нима қилаяпсиз? — деди ўзини босишга уриниб.

— Кўрмаяпсанми? — жавоб берди Норқул ака унга қарамасдан.

— Жўрангизнинг келишига шу қўйни сўйдингизми?! — пешонасини тириштирди Маъруф.

— Ҳа, жўрамнинг келишига сўйдим, нимайди?

— Баҳром ака «Қўй сўйсин», демовди.

— Демаса, демабди. Сўйгим келди, сўйдим — тамом вассалом!

— Пора учун-да, тўғрими? Мени шу жўрангиз ишга ўтказди деб ўйладингиз, шунинг учун-да, тўғрими?

Норқул ака ишини тўхтатди. Энсасини қотириб, ўғлига қаради:

— Хўп, шундай бўлса, нима бўпти? — деди паст овозда.

— Лекин у менинг ишимга умуман аралашгани йўқ. Раиснинг ёнига ўзим кирдим, ўзим ишни битирдим. Кейин раис унинг ёнига жўнатди. Энди сизнинг қилган ишингиз нимаси?! — овозини баландлатди Маъруф.

— Агар Толмас Бадриддинович келганида, ҳўкиз сўяркансиз-да!

— Мана! — деди шу заҳоти қўлидаги пичоқни гўштга санчиб, зормандани кўрсатиб. — Мана, раисингга! У келганда, тухум ҳам қайнатмасдим! Ишинггаям, бошқасигаям тупурдим! Менинг жўрам келаяпти! Жўрамнинг ҳурматига қўй сўйдим! Ҳе, валак-салак, бор, кўзимдан йўқол!

Маъруф гезарганча отасининг ёнидан узоқлашди.

Норқул ака секин ўғлининг ортидан қаради:

— Ҳарна сенга қарашади, кўкрагингдан итармайди; шоқоллардан ҳимоя қилади. Жўрам-ку, ундаям кўнгил бор. Бир сўм олмайди. Лекин кўнглини олиш керак-да, ўғлим… — дея шивирлади.

Маъруф отасининг гапларини эшитмади. Эшитганида, эҳтимол, бир нималарни тушунарди.

У тўғри ўчоқ бошига борди. У ерда эса энаси қозонда нимадир пишириш билан овора, бу йил ўнинчини битирган Маҳлиё ўчоққа ўтин ташлаб ўтирибди.

— Кел, болам, жигар қовуряпман. Иссиқ пайти биттасини еб ол, — деди Намуна опа ўғлига қараб қўйиб.

— Отамнинг арзанда жўрасига қовуряпсизми?! — сўради ҳали жаҳлидан тушмаган Маъруф.

— Йўқ, ўзимизга, отангнинг жўрасига гўштнинг ўзини пиёз билан аралаштириб, сувлигина…

— Эна, ҳеч сизларга тушунмайман-да, қаердаги ишларни қилиб юрасизлар! Уйга биров келаман деса, тамом, қаерга чопишни билмай қоласизлар! — деди Маъруф қовоғини осилтирганча Намуна опанинг гапини бўлиб.

— Болам, шу битта қўй билан бой ё камбағал бўп қолмаймиз. Ўқишга калланг билан кирдинг, уйдан бир сўм олмай, битирдинг. Отанг айтибди, жўрасининг ёрдамчиси бўпсан. Энди шу битта қўйни садақа қилмасак, бўлмайди-да, болам.

— Садақа!.. Шу садақани ким чиқарган ўзи?!

Намуна опа бирдан қаддини ростлади:

— Болам, иккинчи марта бундай дема! Илгариям сенга айтганман. Тушундингми? Ундан кўра, отангга ёрдамлаш. Шўринг қурғурнинг бир ўзи шу ҳолида қўйни сўйиб, терисини шилаяпти. Кап-катта боласан, бора-сола қўлидан пичоғини олмайсанми?

— Ололмайман!

— Нега?! — дейишди қиз билан эна бир вақтда.

— Уришади.

Маҳлиё пиқ этиб кулиб юборди. Энанинг-да лабида табассум пайдо бўлди.

— Бўлмаса, сайисхонадаги ғалтакнинг ичида қўйнинг қорни бор, томорқага ўтказиб, ёриб, ахлатини тўкиб кел. Кейин қудуқнинг сувида синглинг билан қоринни яхшилаб ювасанлар.

— Эна, — деди Маҳлиё норози оҳангда, — ўзи ювсин, қўлим сасиб қолади.

— Ўлағай-да, сен бир, ўлағай-да! — деди она.

Энди Маъруф кулиб юборди ва сайисхонага кетди.

У қўй қорнини ёриб, ичидагиларини тўкиб, қудуқ ёнига олиб келди.

— Мен қудуқни пишаман, сен ювасан, — деди тоғора кўтариб, уни кутиб турган синглисига.

— Ака-а, — дея нозланди Маҳлиё, — қудуқни мен пишай.

— Нимага?

— Эртага ўтиришимиз бор…

— Қанақа ўтириш?

— Синфдошлар билан. Айтганча, сизга зўр бир нарса бор! — деди Маҳлиё шодликдан кўзи порлаб.

— Нима экан ўша зўр нарса? — ҳайрон бўлди Маъруф.

— Ҳозир…

Маҳлиё тоғорани ерга қўйди. Қўлини тутқич фартугига артган бўлди, кейин югурганча уй томон кетди. Дарров қайтди. Қўлидаги нарсасини орқага яшириб, акасига юзланди-да:

— Топинг-чи? — деди.

— Тош…

— Жиннилик қилманг! — ҳайқирди Маҳлиё.

— Бош…

— Ака-а-а…

— Нима қилай? Уйдан нимани опчиққанингни қайдан билай?! — деди Маъруф бироз асабийлашиб.

— Биринчидан, бу нарса сизга ёқади деб ўйлайман. Иккинчидан, кутилмаган… Балки, кутилгандир…

— Шаҳар бердим, Самарқанд, Бухоро — хоҳлаганингни олавер!

— Бунча тез таслим бўласиз.

— Ў-ў-ў, кўп эзмаланма. Берсанг, бер, бўлмаса, катта кўча. Яна жонимга тегадиган бўлсанг, қудуқниям пишмайман, қоринниям ювмайман! Кетвораман кўчага!

Маҳлиё қовоғини осилтирганча, яширганини акасига узатди. У букланган дафтар варағи эди.

— Нима бу? — сўради Маъруф ҳайрон бўлиб.

— Қоғоз.

— Кўриб турибман, лекин қанақа қоғоз бу?

— Очсангиз, кўрасиз.

— Эй-й, мактуб, — дея Маъруф шошилмасдан букланган қоғозни очди.

Унда «Яхшимисиз?» деган биргина сўз ёзилганди. Йигит таажжубланди-да, синглисига қаради:

— Ким ёзди? — деди.

— Ким бўлиши мумкин? — дея Маҳлиё тебрана бошлади.

— У-у, кўп нозланма, дедим сенга! — деди Маъруф қовоғи билан синглисини уриб.

— Бўпти, сиз билан ўзи гаплашиб бўлмайди. Анави Наргизингиз берди. «Ўз қўлинг билан қўлига топшир — ўқима», деди, бўлдими?! — зарда қилди Маҳлиё.

— Қайси Наргиз?..

— Ҳамсоя.

— Қайси ҳамсоя?

— Вой-вой-эй, Наргизни билмай қолдингизми?!

— Шошма, Ҳайбатуллонинг қизими?! Онангни эмгур! — деди Маъруф жаҳл билан ва қоғозни шарт-шурт йиртиб ташлади-да: — Агар яна бир марта почтачилик қилсанг, терингни шилиб оламан! Энди қудуқниям ўзинг пишасан, қоринниям ўзинг ювасан! — дея кўча тарафга кетворди.

 

***

 

Йўлма-йўл шимарилган енгини туширди.

Қишлоқни қоқ иккига бўлиб ўтувчи йўл қуёш ботиш арафасида хийла гавжумлашади: биров кетмонини елкага қўйиб, даладан қайтади, биров молларини ҳайдаб ўтади, яна кимлардир шунчаки сайр қилишни ихтиёр этади.

Маъруф пахсачиларга дуч келди. Тўрт киши қўшни қишлоқдан қайтишаётган экан. Ишларини якун қилишган, шекилли, бир нарсаларни гапиришиб, хохолашиб кулишарди. Маъруфнинг назарида озгина кайфлари ҳам борга ўхшади.

— Эй, ана, агроном бобо, — деди пахсачилардан бири Маъруфнинг ёнига яқинлашганларида.

У Маъруф билан тенгдош эди. Мактабда бирга ўқиганди. Иккичи эди. Ўн йил давомида охирги партани бировга бермаган. Мактабнинг эшиги ёпилиши билан қора ишга шўнғиб кетди. Бировнинг ғиштини қуяди, бошқасининг маккажўхорисини ўриб беради… Тўрт-беш сўм топади. Мана, энди пахсачиларга қўшилиб олибди.

У Маъруфнинг ёнига келди, кўришди. Оғзидан ачимсиқ вино уфуриб турганидан Маъруф адашмаганига амин бўлди.

— Қалайсан, жўра? — деди пахсачи Мурод. — Ўқишни битирганингга анча бўлди, деб эшитдим. Лекин бундай кўчага чиқмайсан. Ё келганингдан «Тухум қўйиб, шуни очмасам, ҳеч қаерга чиқмайман» деб ўзингга ўзинг ваъда бердингми?!

Унинг гапига қолган пахсачилар хохолаб кулиб юборишди.

— Ҳа, тухум босдим. Ўзиям туғишдан аввал кўпроқ тош еб юборгансан, шекилли, пўсти ёмон қалин экан. Жўжанинг чиқиши жуда қийин бўляпти.

Яна кулги кўтарилди.

— Ярамас! — деди Мурод иршанглаб. — Ўзингники қолиб, меникини босибсан-да!

— Сеники майда экан-да, ботмайди!..

Пахсачилар уларнинг гапига думалаб қолаёзди.

— Лекин икковинггаям гап йўқ! — дея Неъмат ака Муроднинг елкасига қўлини ташлади.

Кейин ён-атрофига кўз югуртириб:

— Уйга бориб ўтирамизми? Келинглар, шу ерда тинчитиб қўяверамиз, — деди.

— Нимани? — ҳайрон бўлиб сўради Маъруф.

— Ука, кассирнинг оғилини бугун битирдик. Қизталоқ яхшигина пул берди. «Портвейн» билан сийлади. Яна иккитасини қучоқлатиб юборди. Ёки шаҳар кўрган эчки қишлоқнинг кўчасини менсимайдими?

Маъруф жавоб бермади. Йўл четига ўтди. Ажриқ устига чордана қуриб ўтирди.

Тўпори йигитларга Маъруфнинг қилиғи маъқул тушди. Бир зумда айлана қуриб, ўтириб олишди. Газетадан дастурхон ясалди. Устига иккита «Портвейн», бир боғ пиёз қўйилди.

Шу пайт йўлдан чопиқчи аёллар ўтиб қолишди. Очиқ-ойдин қарғанишди. Яхшики, ўтирганларнинг бирортасига ҳам тегишли аёллар улар орасида йўқ эди. Бўлмаса, қиёмат қўпиши ҳеч гап эмасди.

— Тез-тез олайлик. Хотинимдан балога қоламан. Ҳализамон у ҳам ўтади, — деди пахсачилардан бири.

— Ўтса, ўтар. Итдай ишладик, сал бундай дам олишимиз, чарчоқ ёзди қилишимиз керак-ку, — деди унга жавобан Неъмат ака.

Маъруф Мурод узатган шишани қайтарди (қуйишга идиш йўқ эди, шишанинг оғзидан ичишаётганди).

— Умуман, ичмаганман, ичмайман ҳам! Лекин ёнларингда ўтираман, — деди у.

Қолганлар ҳаш-паш дегунча иккита «Порт-вейн»ни ҳам бўшатиб, газагига кўк пиёз чайнашди. Ортидан «Астра» чекишди. Ундан кейин уларнинг ёнларида ўтириб бўлмай қолди.

Маъруф ўрнидан турди.

— Мурод, жўра, болаларга айт, келаси якшанба куни ош қиб бераман, — деди.

У секин қадам ташлаганча, уйи томон кетаркан, кўзи Наргизага тушди. Қиз Маъруф ўқишни тугатиб қайтгандан бери ўзига оро берадиган одат чиқарган эди. Аммо ҳозир ним қоронғилик тушгани боис унинг пардози кўринмасди. Фақат эгнидаги кўйлаги баданига ёпишгани учун қадди-қомати одамнинг суқини тушириши мумкин эди.

Наргиза кўчанинг нариги томонида эди. Маъруфни кўриши билан йўлнинг бу четига ўтиб олди.

— Ассалому алайкум, — деди Маъруфнинг ёнидан ўтаётиб, йигитнинг кўзига атайин ўтли нигоҳ ташларкан, нозли овозда.

Маъруф алик олмади. Хўмрайиб қараб қўйди. Хўмрайгани қоронғиликда унча билинмади ҳамда қизнинг:

— Маҳлиё уйдами? — дея сўрашига имкон берди.

— Йўқ, холасиникига кетган, — жавоб берди Маъруф.

— Унинг холаси сизнинг холангизмасми? — сўради қиз зукколик билан.

— Билмайман.

Қизнинг орзу-истаги, меҳр-муҳаббати бўлмаганида эди, бунақанги қўрс жавобдан кейин «Ҳе, ўл!» дея ҳеч бўлмаганда, ичида айтиб ўтиб кетиши керак эди. Бошқа бўлганида, албатта, шундай деган бўларди. Лекин бошқа биров Маъруфни сўроққа тутмасдиям-да.

Наргизанинг юзидан олов чиқиб кетди. Йигитнинг муомаласидан йиғлагиси келди, аммо йиғлолмади. Йиғисини ичига ютишга, демакки, азобланишга мажбур эди.

У қадамини тезлатди. Ичкиликни тугатиб, Неъмат аканинг уйида давом этказишга келишиб, энди ўринларидан турган пахсачиларнинг ёнидан ўтганидан сўнг югуриб кетди.

Маъруф «Бопладим, иккинчи марта хат ёзмайдиган бўлди, баҳонада отасининг идорада қилган ҳақорати учун ҳам жазоладим. Юмшоқ бўлди, лекин тикан оёққа кирганда, михдай оғриқ бермаса ҳам, яхшигина азоб беради» дея кўнглидан ўтказди. Сал ўтгач эса, қизни бутунлай эсидан чиқарди.

Баҳром ака соат саккиздан сал ўтиб келди — тракторда. Тракторнинг «юрак қопқоғи» йўқ эди. Товуш дами босгичи бир-икки жойидан тешилган. Шу боис тракторни ўчиргунча у қишлоқни кўчиришига сал қолди.

— Ошна, ҳали қулоқ ўзимга керак, — деди Норқул ака жўраси билан кўришаётганида.

— Пахта тиқинг, пахта! Ҳамма орқага қўйяпти, сиз қулоққа тиқинг! — дея хохолаб кулди Баҳром ака.

Ўтириш алламаҳалгача давом этди. Жўраларнинг гаплари йиғилиб қолган экан, роса тўкиб-сочишди. Айниқса, «тентак сув» ичларига киргач, авжланишди.

— Баҳром, жўра, ўзингиз Маъруфга кўз-қулоқ бўлиб юрасиз-да. У ердаги бўриларни яхши биламан. Ямламай ютишгаям тайёр улар. Бечора болани майиб қип қўйишлариям ҳеч гапмас, — деди Норқул ака ошнаси кетишидан бироз аввал.

Баҳром ака бошини қимирлатди. Кейин жилмайди: — Неча йилдирки, мени ейиш қўлларидан келмаяпти-ку… Ўҳҳў, қанча мағзава ағдаришди устимдан. Лекин, мана, соппа-соғ юрибман. Шундай экан, Маъруфдан кўп ҳам хавотир олаверманг. Кўриниши айтиб турибди, пишиқ-пухта бола…

У сўзлашдан тўхтади. Ўзининг раис, бош агроном билан тортишганлари, жанжаллашганларини кўз ўнгидан ўтказди. Сўнг:

— Эҳ, — дея қўлини силтаб, Норқул акага юзланди-да: — қуйинг, тўлдириб қуйинг, яхшилаб биттадан урайлик… Жа майдалашиб кетдик, майдалашиб… — дея, хохолаб кулиб юборди.

Норқул ака бор-йўғи еттинчи синфни битирган. Кейин ота-онаси бирин-кетин вафот этди-ю, ўқишни давом эттиришнинг иложи бўлмай, колхозга ишга кирди. Шу-шу, мана, соч-соқоли оқардики, бригадда аввал ер текислади, чопиқчилик қилди, пахта терди, амаллаб уйланди — оми бўлди-қолди… Шунга қарамасдан, гап мағзини яхши тушунади, дарров англайди. Ана шу сабаб ошнасининг «Майдалашиб кетдик», деганидан бироз дили оғриди. Аммо буни жўрасига билдиргиси келмай, дарров қўлига ароқ шишасини олди-да, аламидан қутулиш мақсадида томоғини қирди.

Баҳром ака зийрак эди. Зийраклигининг орқасидан Толмас Бадриддиновичдай, Ҳайбатуллодай одамлар билан ишлаб келяпти. У Норқул акадаги ўзгаришни дарров сезди.

— Жўражон, мен майдалаб ичаётганимизни айтяпман. Ўзиям танга ботгулик қилиб қуяяпсиз, — деди.

— Йў-ў-қ!..

— Шошманг, сиз бошқача тушундингиз. Мен, ҳақиқатан ҳам, ароқни кам қуяётганингизни айтдим.

— Мен…

— Майли, жўра, қуйинг, — яна Норқул аканинг гапини бўлди агроном, — шўрвадай қилиб битта ичайлик…

Баҳром ака шу пиёладан кейин маст бўлди. Гаплари узуқ-юлуқ чиқа бошлади. Норқул ака ҳам ўтирган жойида тебраниб қолганди. Шу туришида у кўпроқ хиргойи қилаётганга ўхшаб кетарди.

Маъруф отаси билан Баҳром ака ўтирган хонага кириб-чиқиб турди. Кейин «Халақит бермайин» деб, ташқарида, чорпоя устида ётди. Хаёл сура-сура ухлаб қолди. Энаси келиб уйғотмаганида, шу кўйи эрталабгача кўзини очмасди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 

 

 





Губернаторы России
Москва

В новостройку по реновации на улице Красных Зорь переезжают 320 семей — Собянин





Москва

Преимущества карты строек жилых и промышленных объектов в России


Губернаторы России

103news.net – это самые свежие новости из регионов и со всего мира в прямом эфире 24 часа в сутки 7 дней в неделю на всех языках мира без цензуры и предвзятости редактора. Не новости делают нас, а мы – делаем новости. Наши новости опубликованы живыми людьми в формате онлайн. Вы всегда можете добавить свои новости сиюминутно – здесь и прочитать их тут же и – сейчас в России, в Украине и в мире по темам в режиме 24/7 ежесекундно. А теперь ещё - регионы, Крым, Москва и Россия.

Moscow.media
Москва

Собянин рассказал об экскурсиях на предприятия для школьников



103news.comмеждународная интерактивная информационная сеть (ежеминутные новости с ежедневным интелектуальным архивом). Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. "103 Новости" — абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. 103news.com — облегчённая версия старейшего обозревателя новостей 123ru.net.

Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам объективный срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть — онлайн (с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии).

103news.com — живые новости в прямом эфире!

В любую минуту Вы можете добавить свою новость мгновенно — здесь.

Музыкальные новости

Юрий Визбор

"Вторым быть не хотел". Юрий Визбор VS. Владимир Высоцкий




Спорт в России и мире

Алексей Смирнов – актер, которого, надеюсь, еще не забыли

Московские спортсмены выиграли 141 медаль на Играх стран БРИКС

Легенда вне времени Жанна Агузарова и легенда поп-музыки Жанна Фриске:самое интересное с Премии МУЗ-ТВ 2024

Инвестор построит физкультурно-оздоровительный комплекс в Северном Медведкове


Уимблдон

Уимблдон потребует от российских теннисистов подписать декларацию о нейтралитете



Новости Крыма на Sevpoisk.ru


Происшествия

В Подмосковье сотрудники Росгвардии задержали гражданина, объявленного в федеральный розыск



Частные объявления в Вашем городе, в Вашем регионе и в России