Добавить новость
103news.com
World News in Uzbek
Апрель
2019

МУҲАББАТ ВА НАФРАТ… (8-қисм. Биринчи китоб)

0

 

 

* * *

 

Ҳайбатулло эса улфатларига ўгирилиб, «Бопладимми?» дегандай кўз қисиб қўйди. Улфатлар ичидан зил кетди. Ахир отаси ўлган, онаси касал йигит ёрдам сўраб келган. Бундай пайтда душман ҳам ёрдам беради. Ҳайбатулло бўлса, шўрликнинг устидан кулди. Шу билан «Ошналарим олдида обрўйим ошди» деб ўйлади. Жўралар унга мутероқ эди. Ора-чора ишлари тушиб турарди. Шу боис ҳам миқ этишмади.

Маъруф йўлга чиқай деб қолганида, Наргиза уни қувиб етди.

— Мана калит. Маъруф ака, калитни олинг-у, мошинани ҳайдаб кетинг. Мошинага жин ҳам ургани йўқ! Кун ботмай, дадам мошинани ҳайдаб келганидан кейин калитни менга бериб қўйганди, «Энангга берасан» деб. Манг, олинг, тезроқ бўлинг! — деди титраб-қақшаб.

Маъруф тўхтади. Унга айни чоғда ҳар қандай гап ортиқча эди. У бирон нимани тушунадиган аҳволда эмасди. Аммо шунча оғир бўлишига қарамасдан (эҳтимол, қизнинг овозидаги титроқ, мунг сабаб бўлгандир) тишини тишига босиб:

— Керакмас, энди кеч бўлди, — дея йўлида давом этди.

Бахтига, Баҳром ака қўшнисининг машинасида етиб келибди. У Маъруфни кўриши билан бағрига босди.

— Ака, илтимос, энамни тезроқ касалхонага оборишга ёрдам беринг, — деди кўзидан дув-дув ёш оқиза бошлаган йигит.

— Э-э! Дарров мошинага опчиқинглар. Ҳозир… ҳозир, — дея Баҳром ака тут остида турган машина томон югуриб кетди.

Намуна опанинг қон босими ошган экан. Дўхтир укол қилганидан сўнг ўзига келди. Эсанкираб, дам ўғлига, дам дўхтирга қаради. Кейин ҳаммаси ёдига тушиб, ўрнидан туришга ҳаракат қилди.

— Сизга мумкинмас, ётишингиз керак, — дея дўхтир бирдан унинг елкасидан босиб, туришига йўл қўймади.

— Кетишимиз керак-да, дўхтиржон, — деди оқ халатлига жовдираб Намуна опа.

— Бу аҳволда ҳали кетолмайсиз. Ҳозиргина укол қилдик. Реакция бериб қолишиям мумкин. Бирпас ётинг. Аввалоси, эртага кечгачаям жавоб беролмаймиз.

— Дўхтиржон, ундай деманг. Уйда болагинамнинг отаси қазо қилган, мен ёнида турмасам…

Намуна опа ортиқ гапиролмади. Лаблари титради. Овози чиқмади. Уни кўрган Маъруф ҳам изиллаб йиғлашга тушди.

— Илтимос, ўзингизни босинг, опа. Ҳаяжонланманг. Ҳаммасини эшитдим. Лекин дунёга ким ҳам устун бўларди? Вақти-соати келганда, ҳамма кетади-да. Ҳозир соғлиғингизни ўйланг. Болаларингизни ўйланг. Ҳалиям вақтида опкелишибди…

— Маъруфжон, сен бор, бўлмаса. Отангнинг ёнида бўл. Бечора бу дунёга келиб, ҳеч нарса кўрмади. Ҳеч қурса, жанозасида болалари ёнида турсин. Бор, болам. Агар худо шифо берса, эртагача борарман… Бораман, болажоним. Бормасам, бўйнимда қарз бўп қолади. Ке-йин отангнинг ёнига қайси юз билан бораман?..

— Опа, кўп ўзингизни уринтирманг. Ҳозир битта укол қип қўяй, — деди дўхтир вазият бошқача тус ола бошлаганидан хавотирланиб.

Сўнг хонадан чиқиб кетди. Бироздан кейин ҳамшира билан бирга кириб келди.

Укол дарров таъсир кўрсатди. Намуна опа ухлаб қолди. Дўхтир соатига қараб қўйди-да, Маъруфни қўлидан етаклаб, ташқарига бошлади.

— Айтиб қўяйин, энанг шу аҳволда уйга кетадиган бўлса, ундан айрилиб қоласан. Ҳозир уни ухлатадиган укол қилдик. Шунинг учун сен бемалол уйингга кетавер. Кўрамиз, агар эрталабгача ҳаммаси жойида бўлса, таъзияга бориб келишига рухсат берамиз, — деди.

Маъруфнинг кўн-масдан иложи йўқ эди. Отасидан айрилиб турганида, худо кўрсатмасин, онасига бирон нима бўлса, у ҳеч қачон ўзини кечиролмайди.

Ташқарида Баҳром ака кутиб турганди. У Маъруф пайдо бўлиши билан ёнига келди.

— Нима бўлди? — сўради вазмин овозда.

— Қон босими ошган экан. Дўхтир ҳеч қурса, эрталабгача қолсин, деди, — жавоб берди Маъруф.

— Бир ҳисобдан, шунисиям яхши. Мошинага ўтир, кетдик.

Маъруфларникида уч-тўрт хотин-халаж ва беш-олти эркакдан бошқа ҳамма қишлоқдошлар уй-уйига тарқаган экан. Айвонда гаплашиб ўтирганларнинг овозини ҳисобга олмаса, ҳовлида жимжитлик. Худди ҳеч нарса содир бўлмагандай.

— Яхшими энанг?.. — сўради ўтирганлардан бири.

— Ҳимм, — жавоб қилди Маъруф ва отаси ётган уйга кирди.

Шу заҳоти суҳбатлашиб ўтирган аёлларнинг овози тинди. Машҳура ўрнидан сапчиб турди. Умид кўзлари билан акасига боқиб:

— Энам яхшими? — деди.

— Ҳа, яхши, — дея Маъруф оғир хўрсинди.

Сўнг отасининг жасади ёнига бориб ўтирди-да, пиқиллаб йиғлай бошлади. Чорси ёпинган хотин-халаж уни юпатишга тушиб кетишди.

Марҳумни пешинга чиқаришди. Эрталаб етиб келган Намуна опа эрини кўтариб кетишаётганларида, яна ҳушидан айрилди. Қий-чув икки ҳисса ошди. Эркаклар хонадон бекаси йиқилиб қолганини сезишмади. Таъзияга йиғилган аёлларнинг ярми эса шу заҳоти Намуна опанинг атрофига йиғилди. Биров сувга чопди, бошқаси тобут орқасидан кетаётган қишлоқ дўхтирининг орқасидан югурди. Машҳура онасини маҳкам қучоқлаганча:

— Энажо-о-он, қўрқитма-а-анг! — дея уввос тортиб юборди.

Маъруф синглисининг овозини эшитмади…

Ранги докадай оқариб кетган Намуна опа дори-дармондан сўнг ўзига келди. Бироқ на йиғлади, на бирон нима деди. Уни хотинлар суяб, кўтариб уйга олиб киришди.

Мана, отасини қабрга олиб кетишаяпти-ю, Маъруф ҳали-ҳануз унинг ўлганига ишонгиси келмайди. «Менга нима бўлаяпти? Нега сира қайғуролмаяпман? Юрагим ачишмаяпти… Отамга шунчалик бемеҳрманми? Бошқалар отасининг оёғига тикан кирсаям, додлаб юборади. Мен бўлсам… Ҳаммаси сохтага ўхшайди. Отамни деразадан оёқ тарафи билан чиқаришаётганида кўзимдан тирқираб ёш отилди. Ё қайғунинг зўридан шундай бўлдими? Ё… Ёки атрофимдагилар, аёлларнинг уввос тортиб юборганларидан йиғлаб юбордимми? Билмадим… Э худо, қайғурганим рост, буни бошқалар билмасаям, сен биласан. Мен ўзим ишонмасам ҳам, сен ишонасан…»

Норқул аканинг жасади қабрга қўйилди. Устидан тупроқ тортилди. Мулла Қуръон тиловат қилгач, одамлар бирма-бир қабристондан чиқиб кета бошлади. Аммо Маъруф отасининг қабри ёнидан қимирлолмай қолди. Қандайдир кўзга кўринмас куч уни шу ерга михлаб қўйганга ўхшарди. Қишлоқдошлар, Баҳром ака унга:

— Тур, — дейишди.

Лекин Маъруфнинг қимирлашга қуввати йўқ эди. Мабодо бу ердан кетадиган бўлса, отаси тирилиб, қабрдан чиқолмай, юраги ёрилиб ўладигандай туйилаверди.

— Уйингга боришинг керак. Ҳамма кетиб, сен қолишинг яхшимас. Ҳали уйингдаям мулла тиловат қилади. Сен бўлмасанг, бўлмайди, — деди Баҳром ака.

Маъруф секин бошини кўтарди. Қулт этиб ютинди.

— Баҳром ака, — деди ниҳоятда ожиз, хаста овозда, — кичкина туйнук очайлик.

Бундай гапни кутмаган Баҳром ака чўчиб тушди.

— Эсингни едингми? Бўл, тур, кетамиз, — деди у сохта пўписа билан.

— Майли, сиз ҳам бошқалар билан бирга кетаверинг. Мен гўрнинг бир чеккасини очиб қўяман-да, дарров орқадан етиб бораман.

— Каллангни оламан…

— Ихтиёрингиз, — деди қарори баттар қатъийлашган Маъруф.

Қабристон тепаликдан иборат эди. Дарвозадан чиқиб кетгунча анча юришга тўғри келади. Эҳтиётсизлик қилиб, ёғочи чириган эски қабрлардан биронтаси босиб юборилса, ичига тушиб кетиш ҳеч гап эмасди. Шу боис таъзияга келганларнинг кўпчилиги ҳали пастга тушишга улгуришмаганди. Албатта, улар Маъруф билан Баҳром аканинг гапини эшитишди. Тўхташди.

— Бола бечора эсини еб қўйибди, — деди биров.

— Ақлдан озганга ўхшайди, — деди иккинчиси.

— Бирга олиб кетмасак, бир балони бошлайди, — дея қўшимча қилди учинчиси.

Тўртинчи одам эса шунчаки:

— Аҳмоқ, — деб қўя қолди.

Улар ортга қайтишди. Маъруфнинг атрофини ўраб олиб, ниятини эшитишди. Жаҳллари чиқди. Бир-иккиси пўписа ҳам қилди. Бўлмади. «Марҳумнинг руҳи чирқирайди» де-йишди. Таъсир этмади.

— Бўпти, кўнглинг қолмасин, — деди охири Баҳром ака, — муллани чақирайлик, оят ўқисин. Кейин, майли, айтганингдай кичкина туйнук очамиз. Лекин билиб қўй, илон ўрмалаб кириши ҳам мумкин.

Бу гап Маъруфни бироз чўчитди. Аммо, барибир, ниятидан қайтмади.

Қишлоқ йигитларидан бири муллани етаклаб келди. Албатта, мулланинг ҳам жаҳли чиққанди. Бироқ нима қилсин, қайсар болани мажбурлаб олиб кетишса ҳам, барибир, қочиб келадиган авзойи бор.

Тиловат қилингандан сўнг Маъруф қишлоқдошлари ёрдамида қабрнинг бир четидан қўл кириши мумкин бўлган тешик очди.

Маъруфнинг қилмиши бирпасда ҳаммаёққа овоза бўлиб кетди. Одамлар ҳайратда эдилар. Ҳатто қариялардан бир-иккиси отасини қабрга қўйиб келган йигитни койишди.

— Ота-бобонг қилмаган ишни қипсан. Эсиз, эсиз, — дейишди.

Маъруф миқ этмади. Ерга чордона қуриб ўтириб олди. «Отам ўлмаган. Ўлмаган одамни кўмиб келдик. Мана кўрасизлар, токнинг заҳрини зах олиб, отам ўзига келади. Кейин… Кейин гўрни очиб, чиқиб келади… Шошма, бир ўзи чиқишга қийналади. Эҳтимол, қаерда ётганлигини билганидан кейин юраги ёрилиши ҳам мумкиндир… Шунинг учун қоронғи тушиши билан қабристонга боришим керак» дея хаёлидан ўтказди.

Маъруфнинг қилган ишини бутун қишлоқ одамлари тентакликка йўйишган бўлса-да, ҳамманинг кўнглида «Нима бўларкан?» деган ўй бор эди.

 

* * *

 

Толмас Бадриддинович шу кўйи ўтириб қолди. Аммо хотини унга эътибор ҳам бермади.

— Яхшиям укамнинг келиб қолгани! Бўлмаса, бу ер ютгур ниятига етиб, бизни тоза шарманда қиларди. Раис деган отингиз бор, хўжайин, қандай бош кўтариб юрардингиз?! — дея чинқирарди Насима.

— Ўчир! Ўчир овозингни! — дея хириллади Толмас Бадриддинович.

— Нима? Нима дедингиз? Ҳали бу итнинг боласи қизингизни абгор қилишни ният қилади-ю, сиз унинг ёнини оласизми?! Менинг овозимни ўчирасизми?!

Уйга Паризод отилиб кирди. Қўрқа-писа отасига қаради. Режа бўйича онасининг шу гапларидан кейин у кирасолиб ўзини полга ташлаши, оёқларини тапиллатиб дод-вой солиши, «Дугоналаримнинг олдида қандай юраман?» дея уввос тортиб йиғлаши керак эди. Бироқ отанинг мажолсиз ўтириши унинг тилини танглайига ёпиштириб қўйди. Миқ этолмай қолди. Ранги бўздай оқариб, у ҳам секин ўтирди. Толмас Бадриддинович бошини эгган, пешонасига қўлини тираб ўтирган эди. Унинг кўрмаслигидан фойдаланган Насима қизини секин туртди. Паризод бошини кўтариб онасига қаради ва унинг уюлган қовоғини кўрди. Насима кўзи билан имлади. Паризод бошини қимирлатиб, «Йўқ» ишорасини қилди.

Хонага Саид кирди. Насима умид билан унга қаради.

— Почча, — деди Саид дўриллаб, — опам тўғри гапираяпти. Мен устига келиб қолдим.

Раиснинг бош айланиши бироз тарқаган эди. Хотинининг чинқириғидан сўнг фикрлай бошлаганди.

— Сен устига келиб қолдинг. Элёр кечқурун, ҳамма уйдалигида тўғри бостириб кирди. Ҳамманинг кўз ўнгида Паризодга ташланди, шундайми? — сўради у хаста овозда.

— Бу шофёрингиз тулкининг ўзгинаси экан. Қўлида пакет кўтариб кепти. Бир дунё шикалати бор ичида, — дея Насима нафрат билан Элёрга боқди.

— Гўшт ҳам борийди, — деди Элёр қон қотиб қолган лабини зўрға қимирлатиб.

— Ҳимм, — деди қошларини бир-бирига тўқиштирган хотин, — бизга гўшт бериб алдамоқчи бўпсан-да.

— Колбасаям борийди.

— Ер етгур, нима мақсадда колбаса олгансан, билмайман.

— Ароқ ҳам борийди.

— Ичмоқчи бўлгансан-да…

— Магазиннинг гуручиям борийди.

— Одам ҳам уч кило гуруч оладими? Ош қип беради деб, умид қилувмидинг?! — шанғиллади Насима.

— Яна қоғоз пакетнинг ичига бир дунё шоколад ҳам солинган, — дея иягини силади Толмас Бадриддинович. — Қизиқ, битта қоғоз пакет қандай қилиб шунча нарсани кўтардийкан?

Насима бирдан эрига қаради. Бир нарса ёдига тушгандай, пешонасини тириштирди.

— Пакети иккита эди-да, — деди юзига ним қизиллик югуриб.

— Боя битта эди, энди иккита бўп қолди. Яхши.

— Мен сизга пакети нечталигини айтмовдим. Битта пакетда девдим! — деди Насима шанғиллаб. — Гўшт-пўшт солинганини менга бериб юборди.

— Тўғри бостириб кирадиган одам аввал қўлидаги нарсасини бериб юборади. Енгиллашганидан кейин бостириб киради. Бўлди, ҳозир бу ярамасни бирёқли қиламан, — деб Толмас Бадриддинович ўрнидан турди ва қайнисига юзланиб: — Яхши кепсан, шўртумшуқ, энди бориб, анавининг қўл-оёғини ечиб юбор, — дея Элёрни кўрсатди.

Саид қовоғини осилтирди. Сўнг бурнини тортиб қўйди-да, истар-истамас Элёрнинг ёнига бориб, уни тутқунликдан озод этди. Йигит шўрликнинг оёқ-қўли увишиб қолганди. Шу боис инқиллаб-синқиллаб зўрға ўрнидан турди.

— Паризод икковинг мошинага чиқинглар, тўғри милицияга борамиз. Мен қизимнинг шўрини қуритмоқчи бўлган зўравон билан ўша ёқда гаплашаман, — деб раис ортига бурилди.

Насима хурсанд бўлди. Бошқалар ниманидир сезгандай эди. Шу боис йигит ва қиз индамасдан унинг ортидан эргашди. Саид кафти билан серсоқол лаб-лунжини артган бўлди.

Машинани Толмас Бадриддиновичнинг ўзи ҳайдади. Худди ҳеч нарса бўлмагандай сокин ҳайдади. Ҳайдаш асносида чўнтагидан сигарета олиб тутатди. Бироқ на қизига ва на Элёрга бирон нима деди. Машина радиосининг қулоғини бураб, мусиқа қўйди ва куйга монанд бошини қимирлатиб кетаверди. Қишлоқ тугагач эса, уловни район маркази томон эмас, шаҳар тарафга бурди. Элёр ажабланди. Бироқ миқ этмади.

Орадан ярим соатлар вақт ўтгач, улар шаҳарга кириб боришди. Толмас Бадриддинович энг кўркам «Баҳор» ресторани ёнида «Виллис»ни тўхтатди. Аввал ўзи тушди. Сўнг ҳалигача жойидан қимирламаётган йигит билан қизга қараб:

— Нимага аммамнинг бузоғига ўхшаб ўтирибсизлар? — дея иржайди.

Паризод отасини мутлақо тушунмаётган эди. Уйдан чиқаётганларида, милисахонага бормаслигини сезганди. Чунки отаси аясига чап бериш мақсадида уларнинг иккисини олиб кетди. Буни билмаслик учун у онаси каби содда бўлиши керак эди, албатта. Бироқ ҳозир-чи, нега шаҳар, нега ресторанга келишди? Қиз шунисига тушунмаётганди.

— Сен, — деди Толмас Бадриддинович Элёрга, — юз-қўлингни ювиб кел. Илгариям бу ерга бирга келганмиз, ювиниш жойи қаердалигини биласан.

Толмас Бадриддинович официантга биринчи, иккинчи овқат буюртирди. Яна салат, лимонад ва, албатта, бир шиша ароқ олиб келишниям тайинлади-да, шошилмасдан лабига сигарета қистириб тутатди. Сўнг мириқиб тутунини ютаркан, қизи билан ҳайдовчисига қараб қўйди.

— Дада, — деди тоқати тоқ бўлган Паризод, — нега бу ёққа келдик?

— Нега келдик?.. Айтаман ҳали. Томоғимдан бирон нима ўтказиб олай. Кун пешиндан ўтиб кетди. Қорним очқади. Очқасам, ҳеч нима деёлмаслигимни биласан, — жавоб берди Толмас Бадриддинович.

Паризод хўрсинди ва официант келишини сабрсизлик билан кутди.

Раис ҳеч нарса емасидан аввал пиёлани тўлдириб ароқ ичди. Худди чўлу биёбонда қолиб, роса чанқаган одамдай ичди. Афти бужмаймади. Билъакс, маза қилиб ичди. Сўнг бир бўлак бодрингни оғзига солиб, карсиллатиб тишлади.

— Сизлар бемалол овқатланинглар, менга қараманглар, етиб оламан, — деди қиз билан йигитга ва яна пиёлани тўлдириб, шайтон сувидан ютди-да, кейин келтирилган ярим коса маставани қошиқ билан аралаштираркан, қў-шиб қўйди: — Шаҳарда энг тоза овқатни шу ерда қилишади. Бошқа жойга ишонч йўқ. Майли, гапирмай, иштаҳаларинг бузилади.

У иккинчи овқатнинг ярмини еб бўлганида, бир шиша ароқ тугаган эди. Худди шу пайт раис емакни тўхтатиб, Элёрга ўткир нигоҳини қадади-да:

— Сен Паризодга уйланасанми? — дея сўради.

Кутилмаганда берилган савол йигитни довдиратиб қўйди. У нима дейишни билмай, қизга қаради.

— Битта гапни икки марта такрорлашни ёқтирмаслигимни бошқалардан кўра сен яхши биласан! — деди Толмас Бадриддинович бироз кайфи ошганидан овозини хиёл баландлатиб.

— Дада, нега бундай деяпсиз? — дея гапга аралашди отасига ҳайрон тикилган Паризод.

— Сен шошмай тур. Жавоб берсин менга.

— Ҳа, — деди икки юзи қизариб кетган Элёр.

— Яхши. Паризод, энди сен айт, шу болага тегасанми?

— Йўқ, — деди бирдан қиз, — илгари рози бўлсам ҳам, энди кўнмайман!

Ота ликопчадаги бодрингга санчқи санчганди. Шу ҳолатда қотиб қолди. Элёр бошини кўтарди. Қизга қаради. Қулт этиб ютинди.

— Уйимизнинг сирини билди, — деди Паризод отаси сўрамаса-да, гапига изоҳ бераркан, — аслида, сир эмасди. Шунчаки аямни…

— Бўлди, гапирма, «Йўқ» дединг, тамом-вассалом, — дея унинг гапини бўлди Толмас Бадриддинович ва бодрингни оғзига солди-да, бошини кўтариб, официантни қидирди.

Зал катта эмасди. Хўрандалар ҳам туш пайтида бунақа жойда кўп бўлмайди. Унча узоқ бўлмаган жойда официант яна бирон нима буюриб қолармикан деб, қараб турарди. У мижози имлаши билан югуриб келди.

— Яна битта ароқ, — деди унга раис ва нигоҳини Элёрга қаратди-да: — Машмашада сенинг айбинг йўқлигини биламан, — деди.

Элёр сўзлашдан аввал Паризодга қараб олди. Назарида, қиз янада очилиб кетгандай эди. Унинг ана шу гўзаллиги йигитнинг оғиз қимирлатишини бироз кечиктирди.

— Лекин мен биламан. Паризоднинг олдида айтмасам майлими?

— Майли.

— Дада, нега мендан сўрамаяпсиз? — дея Паризод отасига қаради.

— Билмадим, қизим. Кўнглим бўлмаяпти. Очиғини айтсам, жудаям чарчадим.

— Лекин, дада, мен ҳаммасини айтиб бергим келаяпти.

— Хўп, айт.

— Сиз сабаб Элёр ака шу аҳволга тушди. Бунга менинг дахлим йўқ.

— Ўзим ҳам шундай деб ўйлагандим. Келинглар, буни аянгнинг озгина эркалигига йўяйлик, тамом-вассалом, — дея Толмас Бадриддинович тағин сигарета тутатди.

Тутун кирдими ё бошқа сабабданми, унинг кўзи ёшланди ва келтирилган ароқдан шошиб пиёлага қуйди. Ичишдан аввал эса қизига қараб:

— Элёр сени бахтли қилиши мумкин эди, — деди.

У жуда безовта эди. Уйга кириб чиқар, келиб кетувчиларга мазмунсиз боқар, ҳамдардлик билдираётганларни хушламас, онда-сонда томорқага ўтиб, қабристон томонга қарар, сўнг яна хўрсиниб изига қайтарди.

Ғира-шира қорон-ғи туша бошлаганда, унинг безовталиги икки ҳисса ошди. Беихтиёр ҳовлида у ёқдан-бу ёққа югура бошлади. Одат бўйича қишлоқдошлар бир коса-бир косадан овқат олиб келишган, айвонни тўлдириб ўтиришарди.

(давоми бор)

Нуриддин ИСМОИЛОВ

 





Губернаторы России
Москва

Собянин рассказал о новых стандартах системы соцзащиты в Москве





Москва

Жители каких городов-миллионников могут позволить себе семейную ипотеку?


Губернаторы России

103news.net – это самые свежие новости из регионов и со всего мира в прямом эфире 24 часа в сутки 7 дней в неделю на всех языках мира без цензуры и предвзятости редактора. Не новости делают нас, а мы – делаем новости. Наши новости опубликованы живыми людьми в формате онлайн. Вы всегда можете добавить свои новости сиюминутно – здесь и прочитать их тут же и – сейчас в России, в Украине и в мире по темам в режиме 24/7 ежесекундно. А теперь ещё - регионы, Крым, Москва и Россия.

Moscow.media
Москва

Сергей Собянин. Главное за день



103news.comмеждународная интерактивная информационная сеть (ежеминутные новости с ежедневным интелектуальным архивом). Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. "103 Новости" — абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. 103news.com — облегчённая версия старейшего обозревателя новостей 123ru.net.

Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам объективный срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть — онлайн (с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии).

103news.com — живые новости в прямом эфире!

В любую минуту Вы можете добавить свою новость мгновенно — здесь.

Музыкальные новости

Сергей Брановицкий

Поэт. Радио Поэт. Стихи поэтов. Русские поэты. Писатели и поэты. Известные поэты. Поэт года. Поэты России. Лучшие поэты. Поэт песенник.




Спорт в России и мире

Алексей Смирнов – актер, которого, надеюсь, еще не забыли

Рюдигер может пропустить матч сборной Германии в ⅛ финала Евро, пишут СМИ

Ростелеком: Объявлены итоги XIII конкурса «Вместе в цифровое будущее»

В Кузьминках обустраивают пространство для отдыха и занятий спортом


Уимблдон

Уимблдон потребует от российских теннисистов подписать декларацию о нейтралитете



Новости Крыма на Sevpoisk.ru


Ёлка

Шоу фонтанов и певица Ёлка: в Магнитогорске встретят День металлурга



Частные объявления в Вашем городе, в Вашем регионе и в России