103news.com
World News in Uzbek
Апрель
2019

“СЎҚИР”… (2-қисм)

0

* * *

 

Оймома ҳам гўё Нилуфарнинг қисматига ачинган, хижолат тортган каби бир булутлар орасига беркинар, бир осмонда яна пайдо бўлиб қоларди.

Уй атрофидаги қатор дарахтлар худди Нилуфарга ҳамдардлик билдирмоқчидек нуқул шохларини шитирлатар, қалин япроқларини базўр кўтариб турган новдалар безовта силкинарди.

Нилуфар эса чиқиб кетаётиб йўлакдан топиб олган суратга қайта-қайта боқиб йиғларди.

Суратда малласоч аёл кулимсираб турар, унинг орқасига «Моему любимому Арслану» деган сўзлар битилганди.

Нилуфар шу сўзларни шивирлаб такрорларкан, қалбига тош мисоли жуда оғир ботган тақдир зарбасидан озор чекарди. Кўнгил оғриғи борлиғини суғуриб олай-олай дерди гўё. Ғойибона шовқиндан қулоқлари қоматга келар, кучли шанғиллаш туфайли мияси оғриб-оғриб қўярди. Алам, рашк, надомат кўксини кемирарди.

«Мен тамом бўлдим!» — ўйларди йўлакда қотиб турган ҳолда тез-тез саккизинчи қават деразасига назар ташлаб. — «Бу кишим ўзига ўйнаш топиб олган экан. Шунинг учун жанжалга, ажрашишга баҳона қидирибди, аблаҳ! Нега хўрладинг? Умрим хўрликда ўтгани етмасмиди? Илгариги «ўлдим-куйдим»ларинг қаерда қолди? «Сизнинг тенгингиз эмасман» дея рад жавоби берганимда, тиз чўкиб ялинганларинг эсингдан чиқдими? Энди шу малласоч хониминг менданам азиз бўлдими? Шунга боламни олдириб ташламоқчимидинг? Чучварани хом санабсан! Олдириб бўпман! Майли, қийналай, кўчаларда гўдагимни опичлаб сарсон кезай. Аммо у туғилади. Чунки ўша сен ўлимга маҳкум қилмоқчи бўлган мурғак менинг болам. Менинг болам эса ҳеч қачон ўлмайди!..»

Катта шаҳарни аллақачон қаърига тортиб бўлган зулмат йўлида учраганни ютиб юборгудек, важоҳат билан изғир, ҳатто ёруғ, ойдин хаёлларнинг юзига парда тортгулик важоҳати бор эди унинг.

Рашк ва нафрат ўти ҳам тобора кучайиб борарди. Икки ўт Нилуфарни забтига олиб вужудини такрор ва такрор куйдирарди.

У муҳаббатидан, меҳридан, борлиғидан, келажагидан, бахтидан айрилиб бўлганини ҳис этарди. Лекин негадир умид узиб уйидан нари кета олмасди. Қандайдир куч оёқларини кишанлаб олган каби ҳануз бир нуқтадан кўз уза олмасди.

«Ўзингни қўлга ол, ожизам!» — дея акс-садо берди қалби. — «Сен эринг учун ўша болалар уйидан чиққан ҳимоясиз, ҳеч кими йўқ, ташландиқ бир қиз эдинг. Шундай бўлиб қолаверасан. Умидландинг, икки йил уни оқ ювиб, оқ тарадинг, кутилмаганда бошингга бахт қуши қўнганидан сармаст ҳаёт кечирдинг. Аслида барчаси сароб эди. Сен ўзингни ўзинг алдаб яшардинг. Арслон чин дилдан севмаслигини кўнглинг сезса-да, тан беришни хоҳламасдинг. Ишонишга, ўзингни ишонтиришга уринардинг. Қайтма! Паст кетма! Сарғайган хазонга ўхшаб Арслоннинг оёқлари остида топталма! Кет! Орқа-олдингга қарамай кетавер!»

Нилуфар сесканиб бошини кўтарди-да, қаддини тик тутиб сўнгги бор таниш ва қадрдон, айни паллада қабристондек совуқ кўрина бошлаган дераза тарафга нигоҳ ташлади.

Шундан сўнг қўлидаги бегона аёл суратини йиртиб бир четга отди ва катта йўл томон йўл олди…

Тун зулмати қаърида деярли кимсасиз қолиб кетган шаҳарда айбсиз айбдор бир қизнинг ёлғиз тентирашига ҳатто осмондаги ой ҳам бардош бера олмади.

Тўлин юзига қора булутлардан парда тортди-ю, қайтиб мўраламади. Унинг хавотир-у ҳадиги еру кўкни титратиб гумбурлаган момоқалдироқ, ўзидан ўт сачратиб қутургувчи чақмоқларга айланди.

Сал ўтмай жала қуя бошлади. Даҳшатдан юраги ёрилаёзган Нилуфар дарров ўзини нақ ўртасидан дарз кетган чинор панасига олди.

У айни паллада узоқ муддатли уйқудан уйғонган одам каби карахт ва беҳол эди.

«Қўрққанга қўша кўринади» деганларидек, шу тобда олдидан иккита қора мушук бир-бирини қувлаганча ўтиб кетди.

«Худойим-ей, қандай кунларга қолдим ўзи?» — хаёлан зорланди Нилуфар. — «Нега уйимдамас, бу ердаман?.. Энди қаерга бораман? Шу овлоқда ўтиравераманми? Ёмон одамлар келиб қолиб менга ташланса-чи? Ким мени уларнинг чангалидан қутқаради? Қўрққанимдан юрагим ёрилиб ўлсам-чи? Ўлигим шу пана-пастқамда қолиб кетадими? Нимага қўни-қўшниларникига киравермадим? Улар мени кўришди, сўрашди, суриштиришди. Лом-мим демадим. Ҳатто билиб қолишмасин деган хаёлда ўзимни мажбурлаб жилмайдим. Нима учун ундай қилдим? Ана, Сора хола ёлғиз туради. Ҳеч кими йўқ. Бир кеча ўша кампирникида тунасам бўлмасмиди? Мени ҳайдаб солмасди-ку! Балки Арслон акам жаҳлидан тушиб… Йўқ, йўқ, ундаймас. Жаҳлигаям, ўзигаям тупурдим. Мени, ўз хотинини бировларга ўйнаш қилди. Ўз пушти камарини ерга кўммоқчи бўлди. Мени калтаклади, туҳматларга булғади. Менга хиёнат қилди, муҳабабатимни оёқости қилди. Кечиролмайман! Майли, бўларим бўлсин. Пешонамга қийналиш, азобланиш, хорлик ёзилган бўлса кўравераман. Аммо уникига қайтмайман. Онам мени туққан-у, кўчага ташлаган экан. Демак, кўча менинг уйим. Бировларнинг омонат квартираси менга ватан бўла олмайди. Болалар уйидалигимдаям неча марта қочиб кетиб, кечалари кўприклар остида тонг оттирганман. Ит емаган-ку! Фақат боламга… Болажонимга зиён етмаса бас. Ҳаммасига чидайман, бардош қиламан. У дунёга келиши керак. Менга ҳамроҳ, сирдош, суянч бўлиши шарт, Худойим! Биз саргардон бандаларингдан марҳаматингни дариғ тутма! Ўзингга осон! Хоҳласанг бизгаям яхши кунлар ҳадя эта оласан, Художон!..»

Мурғаклигидаёқ унга чиппа ёпишган совуқ бир туйғу кўп вақтлардан бери қалбининг тубида бекитиқ эди. Бу инсонларга, дунё ва борлиққа бўлган нафрат туйғуси. Нилуфар Арслон билан танишгач, шу туйғунинг алдоқчи эканига ўзини ишонтирганди. Ер юзи фақат ёмонликлардан иборат эмаслигига амин бўлиб, Арслонига меҳр берганди.

Ўша нафрат хўрлик, алам ҳисси таъсирида бирдан кўз очди. Нилуфарни сергак торттирди. Унинг етагида нигоҳлари янада ўткирлашди, кузатишлари совуққон тус олди.

Гарчи нафрат ўти вужудини чирмаб олган қўрқувни нари ҳайдай олмаса-да, Нилуфар ўзини, фарзандини ҳимоя этишга хаёлан тайёр турди. Ҳатто яна қувлашиб ўтган қора мушукларни қарғашга ўзида журъат топа билди.

Аммо кўнглининг аллақаерида умид учқунлари жилваланишдан тўхтамасди.

Нилуфар ҳадеганда юз-юз эллик метр наридаги катта серқатнов кўчага кўз ташлашдан ўзини тия олмасди. Билиб-билмай Арслоннинг қидириб чиқишини кутарди.

Шу кўйи ярим соатча ўтириб қолди. Тунги шабнам таъсиридами, нозик танаси музлаб бораётган каби беихтиёр жунжика бошлади. Аксига олиб дарахт шохлари шитирлаб юрагига ваҳима солди. Гўё ҳозир қуюқ зулмат қаъридан баҳайбат бир маҳлуқ отилиб чиқиб ташланадигандек дарахтга маҳкамроқ қадалиб олди.

«Барибир қўшни кампирникига кирсаммикан? — кўнглидан ўтказди у қўрқа-писа ўрнидан қўзғалиб. — «Юрагим тушиб қолса нима қиламан? Эрталабгача ўтирсам-у, шамоллаб иситмам кўтарилса, ким менга мурувват кўрсатади, ким дардимни олади? Ҳушимдан кетсам-у, бояги қора мушуклар ҳид олиб ортига қайтса, мени тимдалаб ташлашмайдими? Йўқ, кетишим керак бу ердан. Кампирникига кирмайман. Кирсам ўзимга, аҳдимга қарши чиққан бўламан. Кейин алам қилади. Башарти Арслон кириб келиб менга таъна қилса адо бўламан. Аёл бўлсам-да, қатъиятим эркаларникидан каммас. Шундай экан, бу қўрқув ва ўткинчи азобларга кўз юммасам бўлмас. Яхшиси, анҳор бўйига чиқаман. Ўша ерда жимгина ўтираман. Сувнинг шариллашига қулоқ тутаман, у мени чалғитади, шовқини мени дайди ит, мушуклардан асрайди, авайлайди…»

Нилуфар шуларни кўнглидан ўтказиб истар-истамас анҳор томон юрди.

Анҳор дарахтзордан чамаси ярим чақирим нарида жойлашганди.

Нилуфар анҳорнинг сершовқин соҳилида бир-икки дақиқагина тинч ўтирди холос.

Тўсатдан кўнгли айниб ўқчий бошлади. Бироқ бу ҳолатидан қўрқувга тушмади. Кўнгил айниши ҳомиладорлик белгиси, бошқоронғилик эканидан ҳамширалар хабардор этишганди. Тинчлангандан сўнг бир муддат бошига тушган кўргиликларни унутиб қорнига кафтини босганча бўлғуси дилбанди билан тиллашган бўлди.

— Ойим ўзи билан ўзи овора бўлиб мени унутиб қўйди, деб ўйладингми, шириним? — деди шивирлаб. — Шунга тўполон қила бошладингми? Йў-ўқ, ойинг сени ҳеч қачон унутиб қўймайди, болажоним. Вужудида асраб-авайлаб катта қилади сени. Унақанги қийнайвермагин-да мени! Ойижонинг касал бўлиб қолса нима бўлади? Ўзимнинг ширини-им!

Бир маҳал анча наридан аллакимнинг ҳайқириғи қулоғига чалинди. Нилуфар азбаройи қўрқиб кетганидан қандай ўрнидан туриб анҳор кўприги орқали нариги соҳилга ўтганини билмай қолди.

Ўтди-ю, чакалаклар панасига ўзини олди.

Бу Арслоннинг товушига жуда-жуда ўхшарди. Нилуфар гоҳ жазава, ваҳима, гоҳ умид аралаш қулоғини динг қилди.

Ҳа, бу аниқ Арслоннинг овози. У бор овозда қичқириб Нилуфарни қидирарди.

— Нилу, қаердаса-ан?! — Арслон тахминан ҳали у, ҳали бу ёнга ўгирилиб ҳайқирарди. — Беркинмагин! Шунга шунчами? Чиқақол энди!

Шу биргина овоз Нилуфарнинг аллақачон нафрат ўрлаган, худди тошга айланиб бўлган қалбини мумдек эритди.

Танасида ёқимли титроқ туйди. Тунги шабнам салқини таъсирида кўкара бошлаган лабларига табассум югурди.

Бошини хиёл орқага ташлаб кўзларини юмди. Мағрурлик ўрнини ҳақиқий ожиза аёлларга хос итоат ҳисси банд этди.

Ёмғирда ивиган сочларини қўллари билан тараб гўё эри билан кўришиш олдидан пардоз қилган бўлди.

«Эҳ, Арслон ака! — ўйларди эрининг қичқириғидан руҳланиб. — «Барибир, йўқлигим билинибди-да! Мени излай бошлабсиз-да! Наҳотки, охири ҳаммасини тушуниб етган бўлсангиз? Мен хиёнаткор эмаслигимни, сизни севишимни англаган бўлсангиз?..»

Нилуфар ўйлаган ўйларидан кўнгли бўшашиб кўзларига ёш олди ва хаёлан Арслон билан сўзлашишда давом этди.

«Унда нега мени калтакладингиз? Туҳматга кўмдингиз? Нега? Икки ой тунлари ухламай сизни кутганим учунми? Ё ҳомиладорлигимни айтиб суюнчи олмоқчилигим туфайлими? Менга меҳр бермаганмидингиз, Арслон ака? Шундай бўлса, нима учун бошида айтмагансиз? Мен туҳматга чидай олмаслигимни, ёлғондакам, омонат севгига тоқатим йўқлигини билардингиз-ку!..» Нимага хиёнат қилдингиз? Мендан қаёқдаги бир ажнабий аёлни ортиқ кўрдингиз?..

Ниҳоят, анҳорнинг нариги қирғоғида Арслоннинг қораси кўринди. У чор атрофга аланглаб хотинини қидирар, нуқул бақирарди.

— Нилу деяпман! Бас қилсанг-чи, аразингни! Қоронғи кечада пишириб қўйибдими дайдиб? Чиқ дедим!..

Нилуфарнинг юраги ҳаприқди. Ёввойи ҳаяжон қуршовида елкалари силкина-силкина пастга энгашди.

Кўз ўнгида яқин ўтмиш гавдаланди. Қалбида безовталик, соғинч қўзғолон қила бошлади. Димоғида Арслоннинг қайноқ нафасини туйгандек бўлди. Вужуди эҳтирос олови исканжасида куйди. Тотли висол онларини қўмсади.

Арслоннинг чорловига овоз бергиси, югуриб бориб бўйнига осилганча тўйиб-тўйиб йиғлагиси келди. Дардларини, икки ойлик ҳижрон азобларини тўкиб солмоқни хоҳлади. Эрига бўлган меҳри тўкила-тўкила борди.

«Рўзғорда уруш-жанжаллар бўлиб туришини билмасмидинг?» — дея унга танбеҳ берди номаълум овоз. — «Бир оғиз гапга ўз ҳаётингни таҳлика остига қўйиб ўтиришинг нимаси?! Ҳа, энди бир шапалоқ тушибди юзингга. Хўш, нима бўлибди шунга? Осмон узилиб ерга тушибдими? Эри коптокдек тепкилаб калтакланган аёлларни кўргансан. Лекин улар сен каби оиласидан, бахтидан воз кечиб кетишмаган. Охирини ўйлашган. Сабр қилишган, чидашган, кечиришган, мажбуран бўлса-да жилмайиш қилиб муштумзўр эрнинг кўнглини юмшатишни билишган. Сен-чи? Ироданг шунчалар бўшми? Бу туришда ҳеч қачон бахтингни топа олмайсан. Шуни биласанми? Хўш, аразладинг, уйдан, ягона паноҳдан юз ўгирдинг. Энди-чи? Қаерга борасан? Ким сени қучоқ очиб қарши олади? Кимга кераксан? Эрта-индин қорнинг қаппайса-чи? Дардингни кимга айтасан? Ким сенга уйидан жой беради? Туғилажак боланинг келажагини ўйладингми?..»

Бу овоз ҳақ эканини Нилуфар чин юракдан ҳис этиб турарди. Қилиб қўйган ишидан минг пушаймонлигини қалбан тан олганди. Лекин Арслоннинг ягона талаби уни олдинга юришга қўймасди. Сезарди, ҳис этарди, бир сўзли бу эркак ҳар қандай йўл билан болани олдиртиради. Жуда бўлмаганда барибир, ҳайдаб солади. Ҳайдаб солмаган тақдирда бир умр бошига маломатлар ёғдириб ўтади. Ҳар гапнинг бирида бировларга ўйнаш қилади. Бевофоликда айблайди. Эркалашу, шири сўзлар ҳақида энди Нилуфар орзу ҳам қилмаса бўлади. Булар ҳам камлик қилиб, яна бошқа аёлни топади, севгисини бир пулга сотади… Унда нима қилади Нилуфар? Кимга арз қилиб боради? Ким унга ишонади? Ҳеч ким биров билан бўлган-бўлмаганини кўрмаган. Жоҳил эр маҳалладагиларга жар солса-чи? Албатта, унга ишонишади. Чунки Нилуфар болалар уйидан чиққанини ҳамма билади. Улар болалар уйида катта бўлганларни тарбиясиз, бузуқи деб ҳисоблашади. Шундай экан, тутган йўли ўзига тўғри. Бормайди, қайтмайди, бош эгмайди, паст кетмайди, туҳматларни тинглаб эзилмайди, ёлвормайди, ўзини оқлаб калтаклар емайди, азобланмайди…

Арслон ҳануз анҳор атрофини айланиб чопиб Нилуфарни қидирарди.

— Қаерда бўлсангам чиқ, дедим! Билиб қўй, ҳадеб жиғимга тегаверма! Феълимни биласан, тўнимни тескари кийсам абжағингни чиқараман! Ундан кўра яхшиликчасига ўзинг чиқ!..

«Қандай жоҳиллик» — ўйлади Нилуфар эридан яна ҳафсаласи пир бўлиб. — «Шу ердаям мени камситаяпти, менсимаяпти, писанд қилмаяпти. Наҳотки, шунча вақтдан бери сезмаган бўлсам жоҳиллигини? Кўзим қаерда эди икки йилдан бери? Илгариям турткилаган, ҳақоратлаган пайтлари бўлган. Мен аҳмоқ сира ўйлаб кўрмаган эканман. Эр шунақа бўларкан-да, деб тек қотибман. Кўрсанг ҳам фақат ўлигимни кўришинг мумкин, Арслон! Ҳали кўраман, менга ўхшаганини топиб уйланолармикинсан. Болам эсон-омон туғилиб олсин, ана ундан кейин ажрашаман сен билан. Унгача бўйин эгиб, сендан қўрқиб бўпман!..»

Нилуфар кўз ёшларини тия олмай оёқ учида ортга чекинди. Биларди, бу ерда тураверса, Арслон барибир сезиб қолиб, тутиб олади. Яхшиси ҳов ўша танаси дарз кетган дарахт остига боради. Дарахтга дардини айтади, уни қучиб тонг оттиради…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 





Губернаторы России
Москва

Собянин: Запланирован новый этап модернизации клинического центра имени Логинова





Москва

Как и где заказать вкусные бургеры на дом?


Губернаторы России

103news.net – это самые свежие новости из регионов и со всего мира в прямом эфире 24 часа в сутки 7 дней в неделю на всех языках мира без цензуры и предвзятости редактора. Не новости делают нас, а мы – делаем новости. Наши новости опубликованы живыми людьми в формате онлайн. Вы всегда можете добавить свои новости сиюминутно – здесь и прочитать их тут же и – сейчас в России, в Украине и в мире по темам в режиме 24/7 ежесекундно. А теперь ещё - регионы, Крым, Москва и Россия.

Moscow.media
Москва

Собянин: Запланирован новый этап модернизации клинического центра имени Логинова



103news.comмеждународная интерактивная информационная сеть (ежеминутные новости с ежедневным интелектуальным архивом). Только у нас — все главные новости дня без политической цензуры. "103 Новости" — абсолютно все точки зрения, трезвая аналитика, цивилизованные споры и обсуждения без взаимных обвинений и оскорблений. Помните, что не у всех точка зрения совпадает с Вашей. Уважайте мнение других, даже если Вы отстаиваете свой взгляд и свою позицию. 103news.com — облегчённая версия старейшего обозревателя новостей 123ru.net.

Мы не навязываем Вам своё видение, мы даём Вам объективный срез событий дня без цензуры и без купюр. Новости, какие они есть — онлайн (с поминутным архивом по всем городам и регионам России, Украины, Белоруссии и Абхазии).

103news.com — живые новости в прямом эфире!

В любую минуту Вы можете добавить свою новость мгновенно — здесь.

Музыкальные новости

Авраам Руссо

Пленили и избивали в ресторане: певец Руссо опознал своего похитителя




Спорт в России и мире

Алексей Смирнов – актер, которого, надеюсь, еще не забыли

«Дуэль испанских тренеров». Сегодня ФК «Оренбург» в гостях сыграет с ФК «Химки» (Московская область)

Хромачева и Данилина вышли в финал турнира в Хуахине

Набор в резерв сборных для участия в школьных олимпиадах объявили в Москве


WTA

Касаткина вышла в 1/4 финала турнира WTA в Сеуле



Новости Крыма на Sevpoisk.ru


Москва

В Подмосковье сотрудники Росгвардии провели встречу со студентами финансового университета



Частные объявления в Вашем городе, в Вашем регионе и в России