Раҳмоновда реванш олиш имконияти пайдо бўлди!
Профессионал бокснинг ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Санжарбек Раҳмонов (12-2-1, 6 КО) 28 февраль куни ўзининг навбатдаги жангини ўтказади, дея маълум қилмоқда «GoSport».
Маълум бўлишича, шу куни Раҳмоновга Кит Ҳантер (11-0, 7 КО) рақиблик қилади. Қизиқ томони, бу икки боксчи 2019 йилнинг 5 апрель куни ҳам тўқнаш келган ва ўшанда Санжар Раҳмонов 8 раундлик жангнинг иккинчи раундида ўтказиб юборилган зарбадан сўнг эҳтиётсизлиги оқибатида рингга қоқилиб тушган ва ҳакам нокдаун қайд этиб, ҳисобни очганди. Жангнинг қолган қисмида Раҳмонов устунлик қилишига қарамай, ҳакамларнинг турлича (битта ҳакам 76-75 ҳисобида Санжар фойдасига, икки ҳакам 77-74 ва 76-75 ҳисобларида Ҳантер фойдасига) қарори билан ғолиблик Ҳантерга берилганди.
Санжар Раҳмоновнинг менежерлари бу натижани адолатсиз бўлгани баҳолаб шикоят ёзишган. Бироқ натижа ўзгаришсиз қолган ва Санжарга реванш имконияти тақдим этилганди. Орадан салкам бир йил ўтиб Санжарда рақибни мағлубиятга учратиш имконияти юзага келди. Тўқнашув супер енгил вазн тоифасида ўтказилиши кутилмоқда. Жанг иккала боксчи учун ҳам деярли уй аренасига айланиб қолган Лас-Вегасдаги Samʼs Town Hotel & Gambling Hall саройида бўлиб ўтади. Биринчи жанг ҳам худди шу манзилда ўтказилганди.
Эслатиб ўтамиз, Кит Ҳантер январда Шоҳжаҳон Эргашевга (18-0, 16 КО) қарши супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифасининг WBA Regular чемпионлик камарига расмий даъвогар номи учун рингга чиқиши лозим эди. Кейинроқ мазкур жанг номаълум сабабларга кўра бекор бўлган ва Шоҳжаҳон бошқа бир рақибга қарши рейтинг жангида иштирок этганди.