Хоразмда кучли шамол. Корхона, ташкилот ва турар жойларнинг томлари қулади
Хоразм вилоятида кечга яқин секундига 15-25 метр тезлик билан кириб келган шамол оқими оқибатида корхона, ташкилот ва турар жойларнинг томлари қулади. Бу ҳақда Хоразм вилоят ҳокимияти матбуот хизмати маълум қилди.
Хабарда айтилишича, шамол 17:00 чамасида бошланган. “Ушбу ноҳуш ходисалар оқибатларини бартараф этиш мақсадида Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 3 та махсус техника ва 20 нафар шахсий таркиб жалб этилиб, зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.
Хабардан англашилинишича, шамол оқибатида электр таъминотида ҳам узилишлар юзага келган. “Айни дамда "Хоразм худудий электр тармоқлари" АЖ хам юзага келган аварияларни бартараф қилишда навбатма-навбат электр узилишларини бартараф қилишмоқда. Қисқа муддатда аварияларни бартараф қилиб, электр энергияси етказилади”, дейилади хабарда.
Бундан аввал 27 апрель куни Бухоро, Навоий, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида юз берган кучли шамол оқибатида юзлаб уйларнинг томи учган эди. Шамол оқибатида Бухоро вилоятида бир киши ҳалок бўлган, 41 киши жароҳатланган.