Расман: Ўзбекистон мактабларида ўқув йили якунидаги имтиҳонлар бекор қилинди
Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов жорий ўқув йили учун йиллик баҳоларни чиқариш тартибини эълон қилди.
Президентимиз томонидан карантин вақтида аҳолига имкон борича қўшимча қулайлик яратиш бўйича белгиланган вазифани амалга ошириш ҳамда кўпчилик ота-оналарнинг ХТВга мурожаатлари инобатга олиниб, бу ўқув йили якунидаги имтиҳонлар бекор қилинади. Бу ҳақида Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов ўзининг расмий Telegram каналида эълон қилди.
Мактабларга ўқувчиларнинг йиллик баҳоларини истисно тариқасида жорий ўқув йилининг 3 та чорак баҳолари асосида чиқариш тавсия этилади. Шу билан биргаликда kundalik.com тизими жорий этилган мактабларда карантин вақтида тиришқоқлик билан ўқиган ўқувчиларимизга рағбатлантириш сифатида 4-чоракдаги фақат ижобий баҳоларини ҳам йиллик баҳоларини ҳисоблашда инобатга олиш тавсия этилади.
"Карантин вақтида "онлайн-мактаб" орқали фарзандлари билан бирга дарс тайёрлаган барча ота-оналарга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз!", - деб ёзмоқда халқ таълим вазири.