14-ўлим: Коронавирусга чалинган самарқандлик 63 ёшли бемор оламдан ўтди
Самарқанд вилоятининг Пахтачи тумани яшаб келган, коронавирусга чалинган 63 ёшли (эркак) бемор 26 май куни оламдан ўтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумот тарқатди.
ССВ хабарномасида самарқандлик И. шу йилнинг 19 май куни вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида оғир аҳволда ётқизилгани, ўтказилган таҳлиллар натижасида унда “Covid-19” инфекцияси тасдиқлангани айтилади.
Қайд этилишича, I-гуруҳ ногиронлиги бўлган бу бемор 3 йилдан буён сурункали буйрак етишмовчилиги ва анемия оғир даражаси ташхиси билан диспансер назоратида турган.
25 май куни беморнинг аҳволи ёмонлашган, бурундан ва ички қон кетиш белгилари пайдо бўлган ва реанимация бўлимига олинган.
Врачлар томонидан кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Пахтачилик бу бемор ва у яшаган Жона маҳалла фуқаролар йиғинида юзга келган вазият ҳақида Озодлик 21 май куни хабар қилганди.
Шу тариқа коронавирус инфекцияси юқтириб олгани ортидан оламдан ўтган ўзбекистонлик беморлар сони 14 нафарга етган.
ССВ, 2020 йил 26 май соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 3290 нафарга, соғайганлар сони эса 2636 нафарга етганини маълум қилган.