Бир ҳолатда бензин ва газда юрадиган автомобилни дизелда ҳаракатланувчи машина сифатида, иккинчи ҳолатда эса 6 ўриндиққа эга «Мерседес»ни 8 ўриндиқли деб кўрсатиб, юзлаб миллион имтиёз олишга бўлган уринишлар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати маълум қилди. Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан «Қўқон» ТИФ божхона постида фуқаро Д.К. томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида юртимизга 171 миллион сўмлик имтиёз асосида олиб кирилаётган «Мерседес Бенз Спринтер» юк автоулови божхона кўригидан ўтказилди. Текширув давомида автоулов ҳужжатларда кўрсатилганидек дизелда эмас, балки бензин ва газда юриши аниқланди. Натижада умумий қиймати 193,3 миллион сўмлик автомашина вақтинча сақловга олинди. Яна бир ҳолатда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан юртимизга «Водий» ТИФ божхона пости орқали 576,59 миллион сўм имтиёз асосида фуқаро И.А. томонидан олиб кирилган «Мерседес Бенз Виано» автомашинаси ўрнатилган тартибда мутахассислар иштирокида текширувдан ўтказилди. Натижада, автомашина ҳужжатларда қайд этилганидек 8 ўриндиққа эга эмаслиги, аслида 6 ўриндиққа эга мазкур минивен қўлланилган имтиёз шартларига тўғри келмаслиги аниқланди ва умумий қиймати 122 миллион сўмлик автомашина вақтинча сақловга олинди. Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштиурв ҳаракатлари давом эттирилмоқда.