Озарбайжон қазиб олган табиий газини Европага етказиб бера бошлади
Озарбайжон ўзида қазиб олинган газни Трансадриатик қувури орқали Европага етказиб бера бошлаган. Бу ҳақда 31 декабрь куни мамлакат Энергетика вазирлиги маълумот тарқатди.
“Европга газ етказиб бериш бошланиши билан “Жанубий газ йўлаги” стратегик мақсадига эришилди”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Вазирлик Озарбайжон ўз газини Европа бозорига етказиб бера бошлаши ортидан мамлакат тараққиётида янги саҳифа очилганини ҳам қайд этган.
Каспий денгизидаги “Шоҳ Денгиз-2” конидан қазиб олинаётган газни Италия, Греция ва Болгария олади. Даставвал қувур орқали етказиб бериладиган газ ҳажми йилига 10 миллиард куб метрни ташкил қилади. Кейинчалик бу миқдор икки баравар оширилиши мумкинлиги айтилмоқда.
Озарбайжоннинг давлатга қарашли SOCAR энергетика ширкати президенти Ровнаг Абдуллаев Европага газ етказиб берила бошлаган кунни “тарихий” деб атади.
“Айримлар лойиҳага ишонқирамай қараганди. Эндиликда вазифа бажарилди – Озарбайжон табиий гази Европага етказилди”, деди Р. Абдуллаев.
“Жанубий газ йўлаги”нинг бир қисми бўлган ва узунлиги 878 километрни ташкил қилган Трансадриатик газ қувури 7 йил давомида қурилган ва унга 30 миллиард доллардан кўпроқ маблағ сарфланган. Умумий лойиҳа Каспий денгизини Грузия ва Туркия орқали Ғарбий Европа билан боғловчи 3,5 минг километр қувур ҳамда “Шоҳ Денгиз-2” конидан фойдаланишни ўз ичига олади. Боку Туркия ҳудудига газ етказиб беришни аллақачон бошлаб юборган.