Хоразмда жиноий гуруҳ Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Бухорий, Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий кабиларнинг террористик ғояларини тарқатаётгани фош бўлди
Хоразм вилояти ИИБ ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида хивалик Х.А. “Instagram” ва “Telegram” тармоғидаги профиллари орқали диний экстремистик оқим ҳамда халқаро террористик ташкилотлар эмиссарларининг ғояларини қўллаб-қувватлаб, уни хоразмлик ёшлар орасида интернет ижтимоий тармоқлари орқали тарғиб қилаётгани аниқланди.
Ушбу “яширин жамоат” аъзоларини аниқлаш мақсадида тезкор тадбир давом эттирилиб, хивалик К.М, Р.Ж, С.О, О.Қлар Х.А. билан яширин равишда жиноий алоқада бўлиб келаётгани маълум бўлди.
Тадбир давомида уларга тегишли уяли алоқа воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги профиллари кўздан кечирилганида Сурия давлатида фаолият юритаётган “Тавхид ва жиҳод катибаси” террорчилик ташкилоти амири Абу Салох, шунингдек, Абдуллоҳ Бухорий, Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий ва бошқа муаллифларнинг террористик ва экстремистик руҳдаги, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний мазмундаги маърузаларини сақлаб, уларни яқинларига тарқатиб келаётгани фош бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.