Илҳом Алиев ёшлар билан суҳбатда ватанпарварлик ва муваффақият ҳақида гапирди
2 февраль куни Бокуда бўлиб ўтган Ёшлар форумида Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ёшларнинг саволларига жавоб берар экан, ватанпарварлик ва 30 йиллик мустақилликдаги муваффақият ҳақида ҳам гапирди.
“Ватанпарвар бўлиш учун ҳар бир инсон қалбида Ватанга меҳр, унга садоқат туйғуси бўлиши керак. Лекин шу билан бирга ҳар бир инсон, айниқса, ёшлар ўз Ватани билан ҳақли равишда фахрланиши керак. Ўтган йили 30 йиллик мустақиллигини нишонлаган юрт сифатида бугун биз ҳар бир фуқаро фахрлана оладиган давлат яратдик, дея оламиз. Чунки ҳар қандай соҳага назар ташласак, ҳақиқатдан ҳам улкан тарихий муваффақиятларга эришганимизни кўришимиз мумкин”, – деган Илҳом Алиев.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида Озарбойжоннинг турли ҳудудларига ташкил қилинган пресс-тур давомида ушбу давлатга борадиган ҳар бир сайёҳ гувоҳи бўлиши мумкин бўлган жиҳатларга биз ҳам эътибор қаратдик. Бу маълумотлар барчага ҳам қизиқ бўлади, деган мақсадда сизларга улашишни лозим топдик.
Хуллас, Озарбайжон(да):
Йўллар сифати бўйича дунёда 27-ўринда туради;
Ўртача ойлик иш ҳақи 425 $, энг кам ойлик 250 $;
Бензин нархи А-92 – 1 манат (~6 400 сўм), А-95 – 1.6 манат (~10 000 сўм) (А-80 бензин ҳақида сўраганимда «Уни қандай машиналарга қуйишади?» деб сўрашди);
Кийим-кечаклар, озиқ-овқат, техникалар нархлари биздан 1.5-2 баравар қимматроқ;
Бакуда уй нархлари 1 хонали 20-35 минг, 2 хонали 35-80 минг доллар орасида, 1 кв. метр учун ўртача 1 минг доллар;
Автомобиль учун тонировка деярли бепул, фақат орқа уч ойналарга рухсат – 30 $ атрофида хизмат учун пул тўланади;
Коррупция рейтингида дунёда 128-ўринда (Ўзбекистон 143-ўрин);
Қурилишлар бўйича «снос» бор, аммо компенсация тўловида муаммо йўқ;
Кўчаларда пешлавҳалар фақат озарбайжон тилида (2005 йилда қабул қилинган қонун билан бошқа тилларда ёзишга таъқиқ қўйилган ва бу ижро қилинган);
Шаҳарда тирбандлик даражаси жуда юқори;
Машиналар монополияси йўқ;
Сайёҳлар (асосан, Эрон, Россия ва араб мамлакатларидан) оқими пандемияга қадар 3 млн. киши / йил бўлган;
Узоқ йўлли магистралларда ижтимоий ҳожатхоналарни деярли йўқ. Аммо АЁҚШлар ва ресторанларда бор ва бепул.