Ўзбекистон халқ артисти Тўтихон Юсупова 86 ёшда вафот этди
Машҳур актриса Тўтихон Юсупова 86 ёшда вафот этгани тўғрисида Ўзбек Миллий Академик драма театри 15 март куни хабар берди.
1936 йилнинг 10 мартида Самарқанд вилоятида туғилган Тўтихон Юсупова Тошкент театр ва рассомлик институтини тамомлаганидан сўнг, 1957 йилда Муқимий номидаги ўзбек мусиқали комедия театри, 1958 йилдан ўзбек миллий академик драма театрида ишлаган.
Тўтихон Юсупова Ойбекнинг “Қутлуғ қон” асарида Нури, Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” драмасида Хонзода, Саид Аҳмаднинг “Келинлар қўзғолони” комедиясида Сотти, Ўлмас Умарбековнинг “Қиёмат қарз” драмасида Зеби ролларини ижро этгани ортидан Марказий Осиёдаги ўзбек тилида гапирувчи томошабинлар орасида танилган эди.
1970 йилда хизмат кўрсатган артист деган номга лойиқ топилган Тўтихон Юсупова орадан 24 йил ўтгач - 1994 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлган.