Ўзбекистондаги барча туғуруқхоналар эшитишни скрининг текширувчи ускуналар билан жиҳозланади
Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир ой муддатда барча туғруқхоналарни эшитишни скрининг текшируви ускуналари билан жиҳозлаш ва эшитиш ногиронлигини камайтириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини киритади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида Саховат, Мурувват ва Меҳрибонлик уйлари ҳамда махсус мактаб интернатлари фаолияти бўйича видеоселекторда топшириқ берилди.
Йиғилишда маълум қилинишича, ўтган йили «Саховат», «Мурувват», «Меҳрибонлик» ва болалар уйлари, фахрийлар пансионатлари, мактаб-интернатларда 172 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилди.
Жорий йилда барча тиббий-ижтимоий муассасаларни қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлашга 227 миллиард сўм ажратилади.
Бугунги йиғилишга тайёргарлик кўриш жараёнида барча вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимларига ўз ҳудудидаги ҳар бир тиббий-ижтимоий ташкилотга бориб, у ердаги аҳволни ўз кўзи билан кўриб, муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш чораларини кўришга топшириқ берилган.
«Афсуски, биздаги бор маълумотлар жойлардаги қатор тиббий-ижтимоий муассасаларнинг шароитини тубдан яхшилаш зарурлигини кўрсатмоқда», деди давлат раҳбари.
Жумладан, 36 та «Саховат» ва «Мурувват» уйларидан 12 тасида қўшимча бино, 7 тасида ётоқхона, ошхона, тиббиёт бўлими, спорт зали қуриш, 21 тасида бинолар ва иситиш-совутиш тизимини таъмирлашга эҳтиёж мавжуд.
Шунингдек, 6 та «Меҳрибонлик» ва 11 та кичик ёшдаги болалар уйларидан 2 таси таъмирга муҳтож аҳволда. Имконияти чекланган болаларга ихтисослашган 86 та мактаб-интернатдан 11 таси капитал таъмирлашни талаб этади.
Президент бу «аҳолининг меҳр ва ғамхўрликка муҳтож қатлами учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш борасидаги ишларимиз ҳали қониқарсиз эканлигини кўрсатиб тургани»ни таъкидлади.
Ушбу камчиликларни ҳисобга олиб, президент тегишли вазирлик ва идораларга Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда барча тиббий-ижтимоий муассасаларнинг аҳволини яна бир бор чуқур ўрганиб, 2022-2024 йилларда уларда қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариш ва жиҳозлаш бўйича ҳукумат қарорини тайёрлаш вазифасини қўйди.
Барча даражадаги ҳокимлар ўз ҳудудидаги ҳар бир тиббий-ижтимоий ташкилотда қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини ўз муддатида, сифатли бажариш, шуниндек уларда зарур шарт-шароитлар яратиш учун шахсан жавоб беради.
Масалан, бугунги йиғилиш ўтаётган 102-сон заиф эшитувчи болаларга ихтисослашган мактаб-интернат биноларининг фасади, ошхонаси ва технология хоналарини таъмирлаш, спорт комплекси ва ишлаб чиқариш устахонаси ташкил этишни жорий йилда бажаришга кўрсатма берилди.
Халқ таълими вазирлигига «Zamin» фонди билан ҳамкорликда:
-бу йил 2 минг 600 дан зиёд заиф эшитувчи болаларни тиббий текширувдан ўтказиб, уларни эшитиш мосламалари билан таъминлаш чораларини кўриш;
-эшитиш мосламалари ва кохлеар имплантация ёрдамида эшитиш қобилияти тикланган болаларни босқичма-босқич умумтаълим мактабларига ўтказиш ва мактаб-интернатларни оптимизация қилиш топширилди.
Мутахассислар фикрига кўра, агар барча янги туғилган чақалоқларнинг эшитиш қобилияти скрининг қилинса, вақтида зарур чораларни кўриш орқали эшитиш ногиронлигини 60 фоизга камайтириш мумкинлиги таъкидланди.
Шуни ҳисобга олиб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига бир ой муддатда барча туғруқхоналарни эшитишни скрининг текшируви ускуналари билан жиҳозлаш ва эшитиш ногиронлигини камайтириш бўйича Ҳукумат қарори лойиҳасини киритишга топшириқ берилди.