Ўзбекистонда туман мактабгача таълим бўлимлари тугатилиши мумкин
Ижтимоий тармоқларда туман мактабгача таълим бўлимлари тугатилиши тўғрисида хабарлар тарқалмоқда. Мазкур хабарлар юзасидан Мактабгача таълим вазирлиги муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан туман бўлимлари фаолиятини тугатиш ва бошқа вазифаларни назарда тутувчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топшириғи берилган.
Қайд этилишича, бугунги кунда қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиш жараёнининг энди бошланганлигини инобатга олиб, туман мактабгача таълим бўлимлари қандай ўзгариши тўғрисида маълумот мавжуд эмас.
«Вазирлик туман бўлимларини оптималлаштиришда барча ходимларнинг, бутун тизимнинг манфаатлари, шунингдек, ҳар бир ҳудуднинг алоҳида ўзига хос хусусиятлари инобатга олинишини кафолатлайди. Ушбу йўналишдаги илғор жаҳон тажрибаси ҳам қарор лойиҳасини ишлаб чиқувчилар томонидан ҳисобга олинади. Бундан ташқари, амалиётда, ҳар қандай таклифлар ҳудудлардан бирида тажриба-синов тариқасида ўтказилгандан кейин республика миқёсида жорий этилади»,-дейилади хабарда.
darakchi.uz