Президентнинг “Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг жорий этилган тизими самарадорлигини янада ошириш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси эълон қилинди. Фавқулодда вазиятлар олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича ҳукумат комиссияси ва ҳудудий комиссиялар намунавий таркиби тасдиқланади. Ҳукумат комиссияси ва ҳудудий комиссиялар фавқулодда вазиятлар олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизими ишчи органи ҳисобланади ҳамда қуйидагилар уларнинг асосий вазифалари этиб белгиланади: фавқулодда вазиятлар олдини олиш ва бундай вазиятларда ҳаракат қилиш давлат тизимини такомиллаштириш ва янада ривожлантириш асосий йўналишларини белгилаш; аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича энг муҳим масалаларни кўриб чиқиш, уларни ҳал этиш бўйича таклифлар тайёрлаш, вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари вазифаларини белгилаш; авариялар, ҳалокатлар, табиий ва бошқа офатлар оқибатида жабрланган фуқароларни, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда иштирок этган шахсларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий муҳофаза қилиш, тиббий реабилитация қилиш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига қуйидаги ваколатлар берилади: фавқулодда вазиятлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган фавқулодда вазиятлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиқлари номзодини келишиш; аҳолини ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича асосий тадбирларни тасдиқлаш ҳамда амалга оширилишини назорат қилиш; табиий ва техноген хавфи юқори бўлган ҳудудлар ва иқтисодиёт объектлари муҳофазасини ташкил этиш; ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг айрим функцияларига хусусий сектор вакилларини жалб қилиш.