Фото: ЎФА Осиё футболи конфедерацияси Тартиб-интизом қўмитаси U-23 Осиё Кубоги—2022 чорак финали доирасида ўтказилган Ўзбекистон ва Ироқ терма жамоалари ўртасидаги ўйинда юз берган ҳолатлар бўйича қарор чиқарди. Қарорга кўра, Ўзбекистон терма жамоасининг 1/2 финалдаги Японияга қарши учрашуви мухлисларсиз ўтказилади. Бунга Ироққа қарши кечган баҳснинг биринчи бўлим бошида ҳакамнинг қарорлари ва рақиб футболчиларидан норози бўлган айрим мухлисларнинг майдон ҳамда техник ҳудуд томон қаттиқ буюмларни улоқтиргани сабаб бўлган. ОФК Тартиб-интизом қўмитаси юзага келган вазиятларни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси футболчиси Абдувоҳид Неъматовга нисбатан 3 та ўйинга четлатиш (дисквалификация) ва жарима интизом чорасини қўллаш, Олимпия терма жамоасининг ярим финал доирасида Японияга қарши учрашувини мухлисларсиз ўтказиш ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциациясига жарима интизом чорасини қўллаш юзасидан қарор чиқарди. Шунингдек, Тартиб-интизом қарорига кўра, ярим финал доирасидаги баҳсда 500 нафаргача япониялик футбол ишқибозларини учрашувга киришига рухсат берилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон футбол ассосиацияси (ЎФА) 50 минг АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилган. Темур Кападзе шогирдларининг Японияга қарши ярим финал баҳси 15 июнь куни соат 21:00 да бошланади.