Тошкентдаги хусусий боғчалардан бирида ёнғин чиқди
Тошкентдаги Миробод туманидаги хусусий боғчалардан бирида ёнғин содир бўлди. Ҳолат юзасидан ФВВ маълумот берди.
Маълум қилинишича, ёнғин аслида Миробод тумани «Миробод» МФЙдаги хонадонлардан бирида содир бўлган, ўрганиш натижаларига кўра ушбу ёнғин хусусий боғчанинг орқа томонидаги хонадонда содир бўлгани аниқланган.
Қайд этилишича, 20 июнь куни соат 17:48 да Тошкент шаҳар Миробод тумани «Миробод» МФЙ жойлашган хонадонлардан бирида ёнғин бўлаётганлиги тўғрисида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган. Воқеа жойига 4 та ёнғин-қутқарув экипажлари соат 17:56 да етиб бориб, соат 18:18да ёнғин қуршаб олинган, соат 18:31да батамом ўчирилган.
Ёнғиндан ушбу хонадоннинг тахминан 80 квадрат метр майдонда томи, шифт қисми ва уй-жихозлари ёнган.
Ёнғин оқибатида фуқароларни тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш холатлари қайд этилмади, ёнғининг келиб чиқиш сабаблари ҳамда унинг зарар миқдори аниқланмоқда.