Мудофаа вазирлиги Афғонистондан яна ҳужум бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди
Ўзбекистон мудофаа вазирлиги Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учинчи марта ракета ҳужуми уюштирилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
«Ижтимоий тармоқларда Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига учинчи марта ракета ҳужуми уюштирилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур мазмунда тарқатилаётган хабарлар ёлғон бўлиб, мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди.
Бундан аввалроқ Афғонистондаги нашрларда Ўзбекистон ҳудуди Афғонистон томонидан учинчи бор ўққа тутилгани ҳақида маълумот пайдо бўлганди. Афғонистонлик журналист Билол Сарварий баравар ўт очиш реактив тизимидан 6-8 снаряд учирилганини айтганди. Унинг «Толибон»даги манбаси бу Кобул ва Тошкент ўртасидаги муносабатларни совуқлаштиришга қаратилган навбатдаги провокация экани, ташкилотчилар қидирилаётганини билдирган.
Afghanistan International Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазирлигига таяниб, учирилган 8 снаряддан фақат биттаси Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтганини маълум қилган. Бу борада фото/видеолар келтирилмаган.
5 июл куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри ҳудудига Афғонистон ҳудудидан бешта снаряд келиб тушгани хабар қилинганди, ҳужум натижасида тўрт уй шикастланган, қурбонлар бўлмаган. 17 июл куни толиблар бу ҳужумни уюштирган гуруҳ аъзолари қўлга олингани ҳақида маълумот берди.
Апрел ойида ҳам ИШИДнинг Хуросон бўлими Ўзбекистон ҳудудини ракеталар орқали ўққа тутишга ҳаракат қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди, аммо ўшанда снарядлар Ўзбекистон чегарасигача етиб келмаган.