Клиникада жанжал кўтарган опа-сингиллар устидан ҳукм ўқилди
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида, безорилик жиноятини содир қилишда айбланган, 1992 ва 1996 йилларда туғилган икки аёл ва 1995 йилда туғилган эркакка (муқаддам ўғрилик жиноятини содир қилиб судланган) нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.
Бу ҳақда Kun.uz’га Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Садоқат Аллаберганова маълумот берди.
Уч нафар судланувчи 2022 йил 21 феврал куни бир гуруҳ бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Марказ-4 даҳаси, А.Қодирий кўчасидаги автобус бекати олдида бир фуқарони ҳеч бир сабабсиз уриб, тан жароҳати етказишган.
Бундан ташқари, cудланувчи аёллар 2022 йил 4 май куни соат 22:30 ларда Юнусобод тумани, Марказ-6 даҳасида жойлашган “LOR+” номли клиникада жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ушбу клиникадаги бошқа фуқароларнинг тинчлигини бузишади. Бир фуқаро билан шифокор кўригига навбат талашиб, ўтакетган беҳаёлик билан фуқарони куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишади. Стол устида турган кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган микроқайчини қўллаб, фуқарони уриб тан жароҳати етказаётган вақтда уларнинг безорилик ҳаракатлари олдини олиш чорасини кўрмоқчи бўлган икки шифокорга қаршилик кўрсатишиб, фуқарони уриб, унга тан жароҳати етказишган.
Экспертиза хулосасига кўра, фуқаронинг танасида бош тепа соҳаси, кўкрак қафаси ва чап елка соҳалари юмшоқ тўқималари лат ейиши жароҳатлари бўлиб, ушбу жароҳатлар оғирлик даражасига кўра, соғлиқни қисқа муддатга бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳатлиги аниқланган.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи аёллар ЖК 277-моддаси 3-қисмининг “а, г” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилди ва уларга нисбатан 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Судланувчи эркак эса ЖК 277-моддаси 2-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.