Минтақамиз аёллари учун иқтисодий мустақиллик оилавий ва маиший зўравонликка қарши курашишга ҳам ёрдам беради – Саида Мирзиёева
Шанхай ҳамкорлик Ташкилотининг хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева хабар бермоқда.
Унинг таъкидлашича, ушбу ташкилот аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашда, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда фаолдир.
«ШҲТ доирасида аёллар ҳамжамияти шаклланиб улгурган ва унда нафақат режалар, янги имкониятлар муҳокама қилинади, балки келишувлар доирасида эришилган натижалар ҳақида ҳам маълумот алмашилади.
Минтақамиз аёллари учун иқтисодий мустақиллик фаровон ҳаёт эшикларини очибгина қолмай, оилавий ва маиший зўравонликка қарши курашишга ёрдам беради, касбий ўсиш ва мустақил ривожланиш, ўзи ва фарзандларининг келажагига ишонч билан қараш имкониятини беради.
Бугун мен аёллар тадбиркорлиги тилида, аёллар учун имкониятлар тилида гаплашмоқчиман ҳамда аёлларнинг муаммоларига ечим топилаётганини кўришни истардим. Ва бунда биз шахсий эркинлик ва молиявий мустақиллик йўлини танлаган минглаб аёллар билан ҳамфикрмиз», – дейди С.Мирзиёева.