Қирғиз-тожик халқлари ўртасидаги вазият қалтислигича қолмоқда
Қирғиз-тожик қуролли тўқнашуви чегаранинг бутун периметри бўйлаб давом этди.
Айни пайтда хориж ОАВ бераётган хабарларга кўра, соат 21:00 ҳолатига, Боткенда 136 минг киши эвакуация қилинди. Булар Боткен ва Ифана Раззоқов шаҳарлари, Боткен ва Лейлек вилоятлари аҳолисидир.
Шунингдек, Ўш вилоятининг Чўн-Олой тумани, Жекенди қишлоғи аҳолиси ҳам эвакуация қилинаётгани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, Боткен вилояти давлат моддий захирасидан ёқилғи-мойлаш материаллари, мой, ун, шакар ва бошқалар ажратилди.
БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Қирғизистонга 400 тонна гуманитар ёрдам ажратишга тайёрлигини билдирди.
Вазиятни юмшатишга қилинган ҳаракатларга қарамай ижтимоий тармоқларда тожикистон фуқаролари Лейлек туманидаги Қирғизистон билан чегарадош қишлоқда уйга ўт қўйиб, вайрон қилгани билан боғлиқ видео тарқалмоқда.
Соат 22:00 ҳолатига кўра, Лейлек туманининг чегарадош қишлоқларида отишма тўхтади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Алмазбек Раҳмонқулов маълумот берган.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда вазият барқарор. Ўқдан жароҳат олган барча жабрланганлар шифохоналарга етказилган.
Икки мамлакат ўртасида келишмовчиликлар юз бераётган бир вақтда Россия ТИВ ҳолатга «реакция» билдириб, Россия Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги вазиятга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
«Россия томони қирғиз-тожик чегарасида 14 сентябрь куни эрталаб чегарачилар ўртасидаги отишма натижасида яна кескинлашган кескин вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. У Қирғизистон ва Тожикистон президентлари ўртасидаги мавжуд келишувларни ҳисобга олган ҳолда, биз ҳар икки томонни вазиятни сиёсий-дипломатик майдонга қайтариш учун барча зарур чораларни кўришга ва ҳар қандай провокацияни биргаликда бостиришга чақирамиз»,—дейди ТИВ расмий вакили.
Унинг сўзларига кўра, бу борада Россиянинг чегараларни белгилашда бой тажрибаси бор ва шу боисдан ҳам мамлакат айни ҳолатга ёрдам бера олади.
«Биз Россиянинг чегараларни белгилаш, жумладан Марказий Осиёдаги қўшнилари билан бўлган бой тажрибасидан фойдаланган ҳолда, томонларга чегара масалалари бўйича узоқ муддатли ўзаро мақбул ечимга эришишда ёрдам беришга тайёрлигимизни билдирамиз»,—дейди Захарова.