"Бунёдкор" бош мураббийи Иван Бошкович Coca Cola Суперлиганинг 20-тури доирасида ўтказилган "Навбаҳор"га қарши учрашувдан сўнг фикрлари билан ўртоқлашди. "Жуда қийин ўйин бўлди, шундай бўлишини билардик. Рақиб кучли, яхши футболчиларга эга эди. Ўз жамоамга келсак бугун чиройли ўйин кўрсата олмадик. Режамиз ўзгаришига кутилмаган жароҳат сабаб бўлди. Танаффусда яна тактикани ўзгартирдик. Энг асосийси шундай ҳолда ҳам ғалаба қозона олдик. Бу ёш футболчиларнинг иштиёқи ва "қайноқ қони" эвазига қўлга киритилди, деб ўйлайман", - дейди Бошкович. - Бугунги VAR ҳақида нима дейсиз? - Ҳакамлик ҳақида гапиришим нотўғри бўлса керак. Ҳакамликни баҳолайдиган комиссия бор. Улар ўз ишини қилсин. Ўзбек футболи ривожланиши керак. Барча жабҳаларда, фақат ҳакамликда эмас. Бу ерда кўплаб юқори даражадаги футболчилар кўп. - Шунчаки сизнинг фикрингиз қизиқ... - Мен VAR томондаман. Нимага? Ўзбек футболида хатолар камроқ бўлиши учун VAR керак. Хатолар бўлади, аммо улар кўпайиб кетмаслиги керак. - "Бунёдкор" кўп ўйинларда иккинчи рақамда ўйнайди. Бу халал бермайдими? - Биз ҳар бир рақибга алоҳида тайёрланамиз. Бугун олдинги ўйиндаги тактикада ўйнамадик. Таркибимизда бугун неча нафар академиямиз тарбияланувчилари майдонга тушди, улар неча ёшда? Нега шу ҳақда сўрамаяпсизлар? Бугун ёш футболчилар учун катта ғалаба бўлди. Бундай "Навбаҳор"га қарши ғалаба катта натижа. - Жароҳат олган футболчи Тоҳир Тўхтасиновнинг ҳолати қандай? - Менга унинг оёғи синди дейишди ва мавсум тугади. У ўзбек футболининг келажаги.