Мирзиёев Тоқаев билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити доирасида Қозоғистон Республикаси раҳбари билан учрашди.
Унда Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган. Давлат раҳбари матбуот хизмати буни маълум қилди.
Таъкидланишича, учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишларида амалий алоқаларни кенгайтириш зарурлиги айтилди.
«Товар айирбошлашни кўпайтириш, саноат, энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди», — дейилади хабарда.
Улар 11 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммитининг кун тартибини ҳам муҳокама қилишган.