Криштиану Роналду “Манчестер Юнайтед”га қайтгани фаолиятидаги энг катта фалокат эканини таъкидлади. Бу ҳақда The Sun нашри ёзди. Газета келтирган маълумот таниқли журналист Жонатан Клегг томонидан ёзилган китобда акс эттирилган. Бу китоб келаси ой нашрдан чиқади. Манбанинг таъкидлашича, Роналдунинг ўзи ўтган йили Ральф Рангник бошқарувидаги жамоага қайтганини салбий баҳолаган. Португалиялик юлдуз ўзи кетган сана – 2009 йилдан бери жамоа ўзгармаганидан ғазаби келган. Бундан ташқари, Роналдуга бир неча ўйинчилардан ташқари жамоанинг аксарият аъзолари жисмоний ҳолатини унинг даражасида ушлаб туришга ҳаракат қилмаётгани ҳам ёқмаган. Раҳбариятга машғулотлар базасини янгилаш кераклигини ҳам уқтирган. Роналду илк бор 2003-2009 йилларда “Манчестер Юнайтед” шарафини ҳимоя қилган ва айнан сэр Алекс Фергюсон қўл остида суперюлдуз даражасига кўтарилган эди. 2021 йили клубга қайтган футболчининг амалдаги ҳамкорлиги мавсум охирида якунланади. Томонлар ҳозирнинг ўзида ажралиш бўйича бир қарорга келиб бўлган.