Бугун, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида ҳеч қандай ҳужжатларсиз машина бошқарган ҳуқуқбузарнинг «иши» кўриб чиқилди
Ижтимоий тармоқларда ЙПХ инспекторлари “Нексия-2” русумли транспорт воситасини тўхтатишга уринаётгани акс этган видео тарқалди. Кенг муҳокамага сабаб бўлган мазкур ҳолатдаги ҳуқубузарга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан
Бугун, 2022 йил 3 ноябрь куни, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 2-қисми ҳамда 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми билан ҳуқуқбузар деб топилган А. Х. (2004 йилда туғилган) га оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди.
Иш ҳужжатларига кўра, ҳуқуқбузар 2022 йил 1 ноябрь куни соат тахминан 17:00 лар атрофида ўз бошқарувида бўлган “Нексия-2” русумли автомашинасини Юнусобод тумани Шаҳрисабз ва Амир Темур кўчалари кесишган чорраҳасида ҳеч қандай ҳужжатларсиз бошқариб кетаётган вақтида, ИИО ходимлари томонидан жезл ёрдамида тўхтатилганида, ҳайдовчи тўхташ ишорасига амал қилмай ҳаракатни давом эттириб, воқеа жойидан кетиб қолган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ҳайдовчи тўхтатилиб, ҳужжатларини текшириш жараёнида, ҳайдовчида автомашина бошқариш учун ҳеч қандай ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Суднинг қарорига кўра, А. Х. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 2-қисми ҳамда 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддасига асосан узил-кесил, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Ушбу қарор устидан апелляция шикояти (протести) қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатда берилиши мумкин.