Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг филиалларига федерациялар мутахассислари жалб этилади
Шавкат Мирзиёев жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш бўйича таклифларни тинглади.
Шу йил 23 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида спорт таълимини ривожлантириш, соҳага илмий ёндашувларни татбиқ этиш вазифаси қўйилган эди.
Тақдимотда шу борада тайёрланган режа-таклифлар кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, улар учта муҳим йўналишни қамраб олган: биринчиси – Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ҳамда унинг Нукус ва Фарғона филиалларида таълим сифатини ошириш, иккинчиси – спорт таълими муассасаларида бошқарув тизимини такомиллаштириш, учинчиси – соҳада илмий тадқиқотлар тизимини яхшилаш.
Таъкидланишича, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб таълим дастурлари етакчи хорижий университетларнинг дастурига кўра шакллантирилади. Барча бакалавриат ва магистратура йўналишларига оид малака талаблари қайта кўриб чиқилади, ўқитувчилар ва битирувчиларнинг билими, маҳорати ва педагогик кўникмаларини баҳоловчи компетенциявий сертификатлаш йўлга қўйилади.
Шунингдек, Жисмоний тарбия ва спорт университетининг илмий салоҳиятини 45 фоизгача чиқариш, профессор-ўқитувчиларнинг фаолияти натижадорлигини ошириш, янги ишланма ва технологияларни жорий этиб, халқаро рейтингларга кириш мақсадлари белгиланмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлари институтига спорт биомеханикаси, физиологияси, фармакологияси ва генетикаси бўйича тадқиқотлар олиб бориш, илмий-инновацион фаолият натижаларини трансфер қилиш ва тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларни амалга ошириш каби янги вазифалар юклатилмоқда.
Илмий изланишларни қўллаб-қувватлаш ва натижадорлигини ошириш, ёш кадрларни хорижий ўқув юртларига фалсафа доктори (PhD) даражасини ҳимоя қилиш учун юбориш ҳам назарда тутилган.