Эронда яна норозилик намойишлари бошланди
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларга кўра, Исфаҳон шаҳрида фуқаролар “Аёллар, ҳаёт, эркинлик!” деган плакатлар кўтариб кўчаларга чиқишган. Намойишчилар кўчаларда автомобил шиналарини ёққан. ИРНA расмий агентлигининг хабар беришича, «Исфаҳонда жамоат тартибига бир муддат зарар етказилган».
Теҳронда намойишчилар Саттор Хон кўчасини тўсиб қўйишган.
Шунингдек, Машҳад, Решт, Маҳобод, Шаҳрикурд, Шероз ва Табризда ҳам норозилик намойишлари бўлиб ўтган.
Теҳрон университети намойишларда қатнашган талабалар ҳибсга олинганлиги, уларнинг баъзилари дарсларга киритилмаётгани ҳақида хабар берган.
Табриз Санъат университети ва Шимолий Хуросон вилояти Соғлиқни сақлаш фанлари университети талабалари ҳам норозилик намойишларига чиққан.
Эслатиб ўтамиз, 22 ёшли Маҳса Аминий вафотидан кейин Эронни кенг кўламли норозилик намойишлари қамраб олди. Қиз 13 сентябрь куни ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган ва 16 сентябрда вафот этган. Бунга жавобан Эроннинг ўнлаб шаҳарлари аҳолиси норозилик намойишларига чиқишди.