Қашқадарёда фуқаро суд залидан озод қилинди
Инсонпарварлик тамойили асосида хато қилиб, йўлдан адашган ва пушаймонлик билдириб, тўғри йўлга қайтмоқ истаган маҳкумларнинг жазо чоралари енгиллаштирилмоқда.
Фаррух Холмуродов жорий йил жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 9 сентябрдаги ҳукми билан жиноят кодексининг тегишли моддаларига кўра 2 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Ф.Холмуродов томонидан берилган апелляция шикояти азриасига кўра Қашқадарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда судланувчига оид жиноят иши ҳужжатлари кўриб чиқилди. Маълум бўлишича Ф.Холмуродов хусусий корхона раҳбари лавозимида ишлаб келган ва ўзига топширилган ўзганинг мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда айбланган. Биринчи инстанция суди иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатларни холисона текшириб, иш бўйича моддий зарар тўлиқ қопланмаганлиги сабабли жиноят тафсилотларини тўғри аниқлаб, айбланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, қонуний ва асосли хулосага келган. Бироқ ишни апелляция инстанцияси судида кўриш жараёнида айбланувчи ўз қилмишларидан пушаймон эканлиги, жиноят содир этишга олиб келган сабаблар, моддий зарар тўлиқ қопланганлиги, судланувчининг оилавий аҳволи инобатга олиниб, Ф.Холмуродовга нисбатан белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ўзгартирилди ва айбланувчи суд залидан озод қилинди.
Ўзига топширилган вазифани адо этишда виждонсизлик қилиб, жиноятга қўл урган ва тўғри йўлдан адашган бир инсон бугун хатоларини тан олиб, тўғри йўлга қайтишни, бундан кейинги ҳаётини эзгу ишлар қилишга сарфлашини билдирди. Зеро, тўғри йўл сари отланган инсонга йўл очмоқ, унга табиий равишда инъом этилган эркин яшаш ҳуқуқинини қайтармоқ инсонийликнинг энг олий намунасидир.