Тожикистон: Душанбеда соқолли эркаклар ва ҳижобли аёлларга қарши рейдлар ўтказилмоқда
Тожикистон пойтахти Душанбеда милиция ходимлари ва фуқаро кийимидаги шахслар соқол қўйган эркаклар ва ҳижоб кийган аёлларнинг ҳужжатларини текширишган. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизматига муштарийлардан бири маълум қилди.
“Пойтахтга кираверишдаги тўққизинчи километрда соат 7 дан бошлаб 11 гача ҳижоб кийиш ва соқол қўйишга қарши рейд ўтказилди”, деб ёзган воқеа гувоҳи.
Душанбега кираверишда милиция ходимлари ва давлат ташкилотлари ходимлари машиналарни тўхтатиб, соқолли йигитлар ва ҳижобли аёлларни бир ойдан бери текшираётганини таҳририятга исмини ошкор қилмаслик шарти билан бошқа бир неча киши ҳам тасдиқлаган.
Расмийлар мазкур рейдларга оид маълумот юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ. Тожикистоннинг диний эркинликлар бузилаётгани халқаро ташкилотлар томонидан кўп йиллардан бери мунтазам равишда танқид қилиб келинади.