Нукус воқеаси бўйича 22 айбланувчи устидан суд бошланади
Нукус шаҳрида 1-2 июль кунлари содир этилган оммавий тартибсизликларга доир жиноят иши юзасидан суд жараёни 28 ноябрь куни соат 10.00 да Бухоро вилоят суди биносида бошланади.
Олий суднинг 27 ноябрда билдиришича, 22 нафар судланувчига оид жиноят иши очиқ суд жараёнида кўриб чиқилади. Жараён Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Е. Абибуллаев раислигида бўлиб ўтади.
“Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра судланувчилар Д. Тажимуратов, Л. Каллыханова, А. Турданов, А. Сметуллаев, Д. Джиемуратов, Б. Кадирбергенов, Б. Сейтниязов, А. Тоқимбетов, Қ. Сейтимов, А. Нуратдинов, С. Медетов, Н. Найыпов, П. Шамшетов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, Б. Генжебаев, С. Калилаев, П. Нурниязов, С. Калимов, Н. Султамуратов, А. Темирханов ва А. Адилбеков Жиноят кодексининг 28,104, 104, 159, 164, 167, 227, 243, 244, 244-1, 247 ва 277-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда”, дейилади хабарда.
20 нафар судланувчига нисбатан “қамоққа олиш”, 1 нафарига “уй қамоғи” ва 1 нафарига “жамоа кафиллиги” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Олий суднинг билдиришича, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун суд мажлисларини видеоконференцалоқа воситасида тўғридан-тўғри кузатишга мўлжалланган ҳамда барча техник шароитлар яратилган матбуот зали ташкил этилган.
Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича парламент комиссияси 26 ноябрь куни тарқатган билдирувида айтилишича, комиссия аъзолари суд жараёнида кузатувчи сифатида иштирок этишади.
“Тергов жараёнлари давомида айбланувчиларнинг сақлаш шароитлари, қийноққа солмаслик, адвокат билан таъминланганлик каби масалалар Мустақил комиссиянинг доимий назоратида бўлди”, деб билдирди комиссия.
Расмий билдирувда таъкидланишича, шу кунга қадар комиссия аъзолари таклифи ва Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси илтимосномасига кўра, Бош прокуратура томонидан 107 нафар айбланувчи жамоат кафиллиги ва қамоқ эҳтиёт чораси инсонпарварлик тамойили асосида уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилиши орқали ўз оиласи бағрига қайтарилди.
Ўзбекистоннинг янги таҳрирдаги конституциясида Қорақалпоғистон мақомининг ўзгартирилишига қарши 1-2 июль кунлари Нукусда ўтказилган оммавий норозилик намойишлари хавфсизлик кучлари томонидан бостирилганди.
Ўзбекистон расмийлари берган маълумотларга кўра, Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишлари чоғида 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Норозилик намойишлари ортидан 516 киши қўлга олинган.
1-2 июль куни Нукусда юз берган воқеалар Ўзбекистонда 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан буён содир бўлган энг йирик зўравонликлардир.
Ўзбек расмийлари намойишчиларга қарата ўт очилганини рад этишган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш этган.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов намойишлар "тинч бошлангани"ни эътироф этган ва воқеалар юзасидан АҚШ Конгрессига махсус ҳисобот тақдим этилишини билдирган.
Қўшни давлатлар, Россия ва Хитой воқеалар бўйича Ўзбекистон ҳукуматининг расмий позициясини қўллаб қувватлаган, Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг ҳудудий бутунлиги ва суверенитетини дастаклашини билдирган.