Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин илк қатлни амалга оширишди
![Толиблар Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олганидан кейин илк қатлни амалга оширишди](https://gdb.rferl.org/01320000-0aff-0242-4b33-08da85c26ff7_cx22_cy17_cw77_w800_h450.jpg)
Афғонистонда “Толибон” ҳаракати вакиллари ҳокимиятни эгаллаб олганидан буён илк қатл амалга оширилди. У ерда беш йил аввал талончилик ва қотиллик қилган эркак қатл этилди.
Қатл Ҳирот вилоятида Толибон шакллантирган ҳукуматда бош вазир ўринбосари вазифасини бажараётган Абдул Ғани Бародар, бир неча вазир ва юзлаб томошабин иштирокида амалга оширилган. Жаллод вазифасини қурбоннинг отаси бажарган – у фарзандини ўлдирган айбланувчини отган.
Ноябрь ойида “Толибон” лидери Ҳайбатуллоҳ Охундзода афғонистонлик судьяларга маҳкама жараёнларини олиб бориш ва ҳукм чиқаришда шариат қонунларига риоя қилишни буюрган эди. Бу жиноятга жазо ўлароқ омма кўзи олдида қатл этиш, тошбўрон қилиш, бошни танадан жудо этиш ва қўл-оёқларни кесиш кабилар белгиланиши мумкинлигини англатади.
Афғонистон Олий суди баёнотига кўра, ноябрь ойида турли жиноятларда айбдор деб топилган 19 киши (улардан 9 нафари аёл) омма олдида дарраланган. БМТ инсон ҳуқуқлари бошқармаси жазонинг бу каби турини кескин қоралаган ва одамларни омма кўзи олдида дарралаш амалиётини тўхтатишга чақирган.
Ўтган йил августида ҳокимият тепасига келиши ортидан “Толибон” ҳаракати 1990-йиллардагидан кўра юмшоқроқ бошқарувни йўлга қўйишга ваъда берганига қарамай, у теократик диктатура тартибига қайтмоқда.
Толиблар ҳокимиятни эгаллаб олганидан буён ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ҳуқуқбузарларнинг омма кўзи олдида жазоланганига оид тасвирлар пайдо бўлган – улар таёқ билан калтакланишган. “Толибон” полицияси қўлга олиш чоғида ўлдирилган жиноятчиларнинг жасадларини ҳам кўпчиликка намойиш қилиб келмоқда.