Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиши тартибини биласизми?
Юртимизда демократик янгиланишларнинг бугунги босқичида энг муҳим йўналишлардан бири, бу қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ишончли ва самарали ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир.
Мамлакатимиздаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналиши сифатида: “Давлатнинг ролини изчил равишда камайтириб бориш ва айни пайтда, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари маҳалланинг фаолият кўлами ҳамда ваколатларини кенгайтириш, аҳоли турли қатлам ва гуруҳларининг туб манфаатларини ифодалайдиган ва ҳимоя қиладиган сиёсий ва ижтимоий институтлар, нодавлат, ноҳукумат тузилмалар ролини кучайтириш” йўли танланади.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизими бугунги кунга келиб янгича аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли ҳам мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таьминлаш ҳамда ҳимоя қилишга энг муҳим вазифалардан бири сифатида қаралади. Юртимизда инсон, унинг шаьни, қадр-қиммати олий қадрият даражасига кўтарилганлиги юқоридаги фикрни ҳам тасдиқлайди. Канституциямизда инсон ҳуқуқлари ғояларига содиқлик ҳамда ҳалқаро ҳуқуқнинг умум эьтироф этилган қоидалари устунлигининг тан олинганлиги, бу борадаги вазифаларни сўзсиз амалга оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Шу мақсадни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирдагиси 2017 йил 11 сентябрда қабул қилинди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда ҳуқуқий ва кучли фуқаролик жамияти қуришга, инсон хуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида эьтироф этиш мумкин.
Демак, мазкур қонун талабларини нафақат давлат органлари ва муассасаларининг раҳбар-ходимлари, балки фуқаролар, юридик шахсларнинг вакиллари ҳам мукаммал билишлари лозим. Шундагина улар ариза ва шикоятлари билан ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишлари, таклифлари билан эса давлат органлари фаолиятини такомиллаштиришга ҳисса қўшишлари мумкин.
Умуман олганда, янги қонуннинг афзалликлари ҳақида кўп гапириш мумкин. Бир сўз билан айтганда, ушбу қонун талабларини тўғри тушуниб, амалиётда қўллашимиз, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида давлатимиз раҳбари томонидан олдимизга қўйилган вазифаларни сўзсиз адо этишимизга хизмат қилади. Зеро жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг жойларда қандай амалга оширилаётганлигини кўрсатувчи муҳим мезондир.
Ўзбекистон Республикасида эса жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик билан боғлиқ ижтимоий хавфли оқибатларни келтириб чиқармаган ҳар қандай ҳаракат дастлаб маьмурий ҳуқуқбузарлик, агарда ижтимоий хавфли оқибатлар ва жиддий зиён келтириб чиқаришга сабаб бўлса жиноий жавобгарлик келтириб чиқаради. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маьмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 43-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 144-моддасида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасида жавобгарлик назарда тутилган. Шу билан бир қаторда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун устидан республиканинг масьул вазирлик ва идоралари қаторида, адлия ва прокуратура органлари ҳам фаол иш олиб бормоқда.
Ҳозирги кунда “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилингандан сўнг фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби янада такомиллаштирилди.
Ҳар бир фуқаро бирор-бир муассасага мурожаат этар экан, қонуний ҳуқуқлари тикланиши юзасидан талаб қўяда, адолат қарор топишига ишонч билдиради. Ҳар бир ваколатли орган ёки муассаса бу масалага улкан масьулият билан ёндашиши зарур. Зеро фуқароларнинг мурожаатлари қонун муҳофазасида экан, уларнинг ҳеч бирига бефарқ ва лоқайд бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ.
Ш.НУСРAТУЛЛAЕВ,
Сурхондарё вилояти Транспортда ХТБ ТГ терговчиси, лейтенант