Чирчиқда аҳоли «свет» йўқлиги туфайли йўлни ёпиб қўйгани айтилмоқда
Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрининг 8-кичик туманида жойлашган «Ҳумо» маҳалласи аҳолиси 16 январь куни электр энергияси таъминоти узилганига анча бўлгани боис автомобиль йўлини ёпиб қўйди. Ҳолат тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Бу ҳақда bugun.uz хабар бермоқда.
Вилоят ҳокимлигининг маълум қилишича, шу куни кечга бориб маҳаллага шаҳар ҳокими Даврон Хидоятов бошчилигидаги бригада етиб борган.
Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан эълон қилинган видеода Даврон Хидоятов аҳолидан кечирим сўраб, аномал совуқ боис электр энергияси истеъмоли ортиб кетгани ва кўплаб жойларда авариялар юз бераётганини таъкидлаган.
«Ҳумо» маҳалласида электр таъминотидаги узулишлар бартараф этилган. Янги трансформатор олиб келинган ва электр энергияси таъминоти тикланган. Чирчиқ ҳокимининг айтишича, маҳаллада чироқ «энди умуман ўчмайди».
Маҳалла аёллари ҳокимдан кўчага чиқишга мажбур бўлганликлари учун ҳафа бўлмаслигини сўраган. Видеонинг орқа планида гулхан атрофига тўпланган инсонларни кўриш мумкин.